Бугун кечки овқатни қайси кафе ёки ресторанда қилмоқчисиз? Хот-догми, ошми, тандирми, нима буюртма қиласиз? Балки бирон турк ошхонасига борарсиз?
Икки кун аввал Чорсу бозори ёнидаги бир хонимчи аёл билан бўлган суҳбатни ҳавола қиламан. Кейин қаерга бориш қарори сиздан.
– Ассалому алайкум! Хоним иссиқми?
– Ва алайкум ассалом. Ҳа, ҳозир олиб келдим.
– Учта солиб беринг. Шу ерда ейман.
– Хўп… Ёқимли иштаҳа!
– Анча йилдан буён хоним сотасизми?
– 9 йил бўлди.
– Хўжайинингиз, фарзандларингиз борми?
– Қайнонам билан турамиз. Ёшлари улуғ. Хўжайиним 9 йил аввал автоҳалокатда вафот этганлар. Бир қиз, бир ўғлим бор.
– Ёшлари?..
– Қизим 13, ўғлим 9 ёшда.
– Ўғлингиз катта бўлиб қолибди. Нега ёрдамга олиб чиқмайсиз?
– Уни ўқитаман. Мактабда ўқийди, мактабдан кейин қўшимчаси бор. Ҳарбий мактабга боради. Кечки олтида келиб уйда дарс қилади.
– Намоз ўқийсизми?
– Алҳамдулиллаҳ! Намозсиз ҳаёт ҳаётми?
– Фарзандларингиз-чи?
– Албатта. Улар ҳам тўлиқ ўқишади. Қизим Қуръон ёд олади. Ўғлим ҳам анча ёдлаб қўйди.
– Бир кунда нечта хоним сотасиз?
– 80 та, 100 та, 120 та. Хамиримга қараб.
– Қолиб кетмайдими?
– Имкон қадар ҳаммасини сотмагунча ўтираман.
– Кечки 1-2 бўлиб кетса ҳамми?
– Ҳа… Лекин ҳозир 22:00 дан кейин уйга ҳайдашяпти.
– Қанча фойда кўрасиз?
– 50000 атрофида.
– Аллоҳ барокат берсин. Карантинда қийналмадингларми?
– Йўқ, алҳамдулиллаҳ. Уйда нарсаларимиз бор эди.
– Захирангиз бормиди ёки бирон хайриячилар ташлаб кетишдими?
– Йўқ, уйимизда бор эди. Май ойида синглим қўй сўйган экан, ўшандан 2 кг бериб кетди. Кейин ўзимнинг уним, ёғим, картошкам бор эди. Ўшалар етди, алҳамдулиллаҳ. Кўпчилик қийналиб қолибди, биз қийналмадик.
– Нега турмушга чиқмагансиз?
– …Болаларимни қизғанганман…
– Иншааллоҳ, тез-тез келиб хоним олиб турамиз. Сизни тополмасак, сўраш учун исмингизни айта оласизми?
– “Қайнонасининг келини” деб сўрасангиз танишади.
– Аллоҳ ризқингизга барокат берсин!
Мухтабар Ҳасанова