Зулфиқор Мусоқов: “Бош вазир билан учрашувда фақат нотиқларни эшитдим…” (Биринчи мақола)

0

Шу йил апрель ойида бир гуруҳ киноижодкорлар Бош вазир Абдулла Ариповга мурожаат йўллаганидан хабарингиз бор. Шундан сўнг “энди буёғи нима бўларкан” дея воқеалар ривожини интиқ кутганлар кўп бўлди. Ва ниҳоят орадан олти ой ўтгач, Бош вазир ўша мурожаатда кўтарилган масалалар муҳокамаси учун мамлакатимиз кино мутахассислари билан учрашди…

Бу мулоқот ҳақида деярли барча журналисту блогерларимиз ёзишди. Турли мулоҳазаю хулосалар айтилди. Аммо унинг асл тафсилотлари қандай? Бу ҳақда ўша учрашувда бевосита қатнашган таниқли кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов шундай ёзади:

“Ҳар доимгидай, фақат ўзим гувоҳи бўлган фактларни айтиб, шахсий фикрларимни билдираман. Мени 27 октябрь куни “Ўзбеккино”дан расмий таклиф қилишди. Учрашув 28 октябрь эрталаб соат 10:00 дан 13:35 гача давом этди.

Биринчи кўрган манзарам: Бош вазирга ёзилган мурожаатга имзо чеккан 109 кишидан бири, босимлар дастидан кеча “Ўзбеккино”дан ишдан кетган (учрашув бўлган куни у ҳали Aгентлик ходими эди) муҳаррир Феруза Тўрахўжаевага “Ўзбеккино” юристи Бобир Муқаддамовнинг “Сиз рўйхатда йўқсиз” дегани бўлди. “Нимага?” деган саволга Бобир “рўйхатни Вазирлар Маҳкамаси тайёрлаган, улар сизни рўйхатдан чиқаришган” деди…

Кейин мажлисда Бобирнинг ўзи ўтирганини кўриб ҳайрон бўлдим: неча йиллардан бери қатор фильмларда муҳаррирлик қилган кино фидойиси Ферузага топилмаган жой “Ўзбеккино”нинг оддий юристига топилганига…

Учрашув бошланганида Бош вазир менга назар ташлаб “Зулфиқор ака, Сиз билан гаплашган эдик, бошқаларнинг фикрини эшитайлик” дедилар. Бутун мажлисда фақатгина нотиқларни эшитдим. Барча “дўст”ларга эслатиб қўяй: ҳеч қачон ҳеч қанақа коллектив хатларга имзо чекмаганман ва ҳар қандай гуруҳбозликка тоқатим йўқ.

Албатта, ҳар бир ижодкор ўз маданияти ва тарбиясидан келиб чиқиб сўзлади. Лекин баъзида ёқамни ушлашга мажбур бўлдим. Энг ачинарлиси, ёши улуғ кишилар оддий инсоний одоб ва ҳурмат нималигини эсдан чиқаришгани…

Таниқли актёр ва режиссёр Исамат Эргашев сўзи аввалида “Шуҳрат Ризаевнинг касал бўлгани яхши бўлибди, касаллик унга ёрдам берди!” деганига ҳаттоки Бош вазир ҳам чидай олмади ва уларга танбеҳ берди…
Кейин Исамат ака “Кино — бу бизнес!” деган фикрни яна такрорлади.

Ёшлари саксондан ошган Ғиёс Шермуҳамедов эса элементар касбий этикани унутиб, “Ат-Термизий” фильмини куракда турмайдиган фисқу фасод гаплар билан “танқид” қилиб, ўз биографиясини айта бошлади. Бу монолог 15 минут давом этди…

Кейин… Айнан 109 нафар киночилардан бир нечтасининг самимий фикрларини эшитдим… Шу “Ат Термизий” фильмининг муаллифи Абдухалил Менгноров аниқ далиллар билан “Ат-Термизий” фильмининг халқаро резонанси ҳақида сўзлади.

Апрель ойидан бери босим ва тазйиқларга учраган ёш режиссёр Музаффар Эркинов аниқ фактларни келтирди: ёлғон ва иғво изоҳларни берган тролл бу айнан “Ўзбеккино”нинг юристи Бобир Муқаддамов эканлиги ўз исботини топгани ҳақида гапирди.

Мультипликация бугуни ва тақдири ҳақида халқаро миқёсдаги таниқли актёр ва режиссёр Нозим Тўлахўжаев юракдан гапирди. Мен ўша 109 кишини (улардан баъзиларини, сотқинлик қилиб ўз имзосидан кечганларни худога топширдим) дардини тушунаман.

Кўрган ва эшитганим шундан иборат. Бу воқеа 28 октябрь куни содир бўлди. Аммо…”

@platformauzb

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here