Қирғизистон парламенти спикери Канат Исаев президентлик сайловларида қатнашиш учун истеъфога чиқди

0

Қирғизистон парламенти спикери Канат Исаев президентлик сайловларида иштирок этиш учун ўз лавозимидан кетишини эълон қилди. Унга кўра, 3 ноябрда «Қирғизистон» партияси уни президентлик номзодлигига илгари сурган, дея хабар бермоқда «Коммерсантъ».

«Мен 10 январь куни бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари президент сайловларида иштирок этиш ниятидаман. Шу муносабат билан мен парламент спикери лавозимини тарк этаман», – деди Исаев йиғилишда

У партиянинг президентликка номзодини кўрсатиш тўғрисидаги қарорига рози эканлигини таъкидлади.

«Менинг ва партиянинг манфаатлари боши берк кўчага олиб келмаслиги керак. Шунинг учун мен лавозимни тарк этишга қарор қилдим», – дея қўшимча қилди Канат Исаев.

Аввалроқ Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи Садир Жапаров президентлик сайловида қатнашиш учун истеъфога чиқишини маълум қилди.

5 октябрда Қирғизистонда парламент сайловларининг натижаларига нисбатан халқнинг оммавий норозилик намойишлари бошланган. Намойишчиларнинг кучишлатар тизим вакиллари билан тўқнашувидан кейин норозилик билдираётган оломон президент администрацияси жойлашган парламент биносини эгаллаган. Тўқнашувлар оқибатида 1,2 минг нафар киши талафот кўрган ва бир нафар фуқаро ҳалок бўлган. Бош вазир Қубатбек Бўронов истеъфо берди. Қирғизистон президенти Сўронбай Жээнбековнинг матбуот котиби унинг Бишкекда экани ва ҳаммасини назорати остида ушлаб турганини маълум қилди.

9 октябрда Бишкекда халқнинг норозилик намойишлари қайта бошланди. Марказий майдонда бош вазир Садир Жапаровнинг тарафдорлар ва мухолифат вакиллари ўртасида тўқнашув кузатилди. Оқибатда 7 нафар одам, жумладан, мухолифат етакчиси Тилек Тўхтагазиев жароҳат олди.

15 октябрь куни Сўронбай Жээнбеков Қирғизистон президентлиги лавозимидан истеъфо берганини эълон қилди. У бош вазир Садир Жапаров ва бошқа сиёсатчилардан ўз тарафдорларини пойтахтдан олиб чиқиб кетишни сўраган ва улардан бишкекликлар тинчлигини бузмасликни илтимос қилган. 16 октябрь куни парламент мажлисида қонунчилик кенгаши спикери Канат Исаев давлат раҳбарининг вазифаларини вақтинча бажаришни рад этган. Якунда бош вазир Садир Жапаров президент вазифасини бажарувчига айланди.

21 октябрь куни Жўқорғи Кенеш (Қирғизистон парламенти)га қайта сайловлар 2020 йил 20 декабрда бўлиб ўтиши, тегишли қарорни мамлакат Марказий сайлов комиссияси 21 октябрь куни қабул қилгани ҳақида хабар берилди.

Daryo

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here