АҚШдаги сайлов: Байден президент бўладиганга ўхшайди

0

АҚШ президенти лавозимига номзод Жо Байденга президент сайловларида ғалабага эришиш учун биргина Невада штатида ғалаба қозониш қолди. Айни вақтда Байденда сайловчилар ҳайъатининг 264та овози, унинг рақиби – амалдаги президент Дональд Трампда эса 214та овоз бор. Бундай прогнозни Fox News телеканали бермоқда деб хабар берди «Kun.uz».

Байден Висконсин (10та овоз) ва Мичиганда (16та овоз) ғалаба қозонгандан кейин у тўплаган овозлар сони 264тага етди. Энди унга президент этиб сайланишга зарур бўлган 270та овоз тўплаш учун 6та овоз олиши қолди. Айнан  шунча овозга Невада штати эга. Ҳозирча ушбу штатда Байден сайловчиларнинг 49,3 фоиз овози билан етакчилик қилмоқда, Трампда эса 48,7 фоиз овоз бор. Айни вақтда бу ерда 75 фоиз бюллетенлар ҳисоблаб бўлинган.

3та муҳим штат – Пеньсилвания, Шимолий Каролина ва Жоржияда ҳали вазият ойдинлашмаган. Бу штатларда ҳозирча Трамп устунлик қилмоқда ва улардаги ғалаба амалдаги президентга умумий ҳисобда қўшимча 51та овоз беради. Бироқ Трампга сайловларда ғалаба қозониш учун яна 56та овоз керак. Шу тариқа Невададаги сайловлар натижалари ҳал қилувчи бўлиши мумкин. Агар Трамп бу штатда ғалаба қозонса, унда у 271та овоз тўплай олади.

Шунингдек, Аризонада ҳам вазият мавҳум бўлиб турибди. Бу ерда Байден 50,7 фоиз овоз билан устунлик қилмоқда, Трампда эса 47,9 фоиз овоз бор. Айни вақтда бу штатда ҳали ҳамма бюллетенлар ҳисоблаб бўлинмаган (86 фоизи ҳисобланган). Бироқ Fox News ушбу штатда ғалабани Байденга бермоқда. Трамп штабида эса Аризонада ҳали ҳаммаси ҳал бўлмагани ва ғалабага умид борлиги айтилмоқда.

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here

1 × 3 =