«Тубанлик» фильмидаги Дилроз — актриса Зиёда Худойқулова нега кинони тарк этди? (фото)

0

Ёш актриса Зиёда Худойқулова «Тубанлик» ҳамда «Кузда гуллаган дарахт» фильмидаги роли орқали томошабинлар эътиборини қозонган. Актриса Шаҳзоданинг «Шунчаки» ҳамда «Мен ўша», Ойбек ва Нигоранинг «Хавотирдаман» клипларида ҳам ўзига хос образлар яратган. Аммо у негадир ижодини давом эттиришни истамади. Журналист Наргиза Муродова кино санъатини тарк этишга қарор қилган актриса билан суҳбатлашди, деб ёзмоқда “Daryo.uz”.

— Нега актрисалик фаолиятингизни давом эттирмадингиз?

— Очиғини айтсам, мен актриса бўлишни орзу қилмаганман. Кичик тасодиф сабаб кино оламига кириб қолгандим. Асли стоматология соҳасида таҳсил олганман. Таниш дугоналаримдан бири реклама суратга олинаётгани ҳақида айтиб, мени ҳам таклиф этди. «Ўзбеккино»даги фотостудияда суратга тушдик. Тасодифни қарангки, орадан анча вақт ўтиб, менга «Тубанлик» фильмининг ижодкорлари қўнғироқ қилиб, кастингга таклиф этишди. Рости, бундай бахтни кўпчилик қизлар орзу қилишади. Аммо мен иккиланиш билан кастингда иштирок этдим. Режиссёр Ҳилол Насимов онам билан суҳбатлашиб: «Қизингиз Лола Элтоевага ўхшар экан. Унинг кўзларида маъно бор», деди. Сценарийда воқеаларни ўқиб, қўрқиб кетдим, оила аъзоларим ҳам рози бўлишмади. Шунда Ҳилол ака: «Одамларга ўрнак бўлиши учун шу фильмни суратга оляпмиз. Бу давлат фильми, енгил-елпи картина эмас», деди. Шундан кейин фильмда суратга тушдим.

— Ўзингиз истамаган ишни қилишга қийналмадингизми?

— Ҳеч бир иш қийинчиликсиз бўлмайди. Ролни ижро этишда кўпроқ ижодий жамоага суяндим. Ундан кейин ҳам бир нечта фильм ва сериалларга таклифлар бўлди. Аммо профессионал актриса бўлмаганим ва миш-мишларга тоқатим йўқлиги учун уларни рад этдим. Фақатгина Алишер Узоқовнинг «Кузда гуллаган дарахт» фильмида суратга тушишга рози бўлдим. Сабаби Алишер ака бир неча бор: «Бу сценарий сиз учун ёзилган», деганларидан кейин рад этишни истамадим.

— Турмуш ўртоқ танлаш ҳаётдаги энг нозик ва масъулиятли иш ҳисобланади. Рустамжоннинг қайси жиҳатлари кўпроқ эътиборингизни тортди?

— Рашкчиликлари. Турмуш ўртоғим санъат соҳасида таҳсил олган бўлса-да, илк танишган кунимизда «Аёлимнинг санъаткор бўлишини истамайман!» деди. Мен ҳам кинодаги фаолиятимга якун ясаб, фармацевтика фирмасида фаолият юритаётган эдим. Турмуш ўртоғим мард, кўнгли тоза инсон.

— Қайси актрисаларга ҳавас қиласиз?

— Аёл қайси соҳада ишлашидан қатъий, назар оилада оддий бека ва она бўлиб қолиши керак. Кўчада обрў-эътиборга эга бўлса-ю, оиласидаги муҳит унчалик яхши бўлмаса, уни идеал аёл деёлмайман. Актрисалар орасида ҳам оиласига содиқ, ҳавас қилса арзигулик оналар жуда кўп. Айнан менга Лола Элтоева ва Дилноза Кубаеваларнинг инсонийлиги, иш ва оила юмушларини бирдек уддалай олишини ҳурмат қиламан.

— Сизнинг идеалингиздаги бека ким? Бекалик борасида кимдан маслаҳат сўрайсиз?

— Тан оламан, бекаликда билмаганларим бисёр. Бу борада, албатта, икки онамнинг кўмакларига суянаман.

— Кун келиб сизни ажойиб фильмга таклиф этишса, суратга тушиш ҳақида ўйлаб кўрармидингиз?

— Биласизми, баъзи актрисалар ўнлаб ёки юзлаб фильмларда суратга тушишади. Мен эса бор-йўғи иккита фильмда суратга тушиб, томошабинлар эътиборини тортдим. Менимча, бу ҳам бир бахт бўлса керак. Аммо якунланган саҳифани қайтадан очишни истамайман. Мен ҳаётда турмуш ўртоғим истаганларидек машҳур эмас, оддий аёл бўлиб яшашни истайман.

— Камера олдида кечган дамларингизни соғинасизми?

— Йўқ, эсламайман ҳам.

— Ҳижобга кириб, санъатдан воз кечганингиз ростми?

— Йўқ, турмушга чиқмасдан аввал санъатдан кетишим кераклигини англаганман. Ҳақ йўлини эса оила қургандан кейин танладим.

— Айни кунларда нималар билан бандсиз?

— Ҳомиладорлигим сабаб уй бекаси бўлиб ўтирибман (кулиб). Оналикка тайёрланяпман десам ҳам, муболаға бўлмайди.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here