Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев раислигида коррупция ҳолатлари кузатилаётган соҳалар ҳамда вазирлик ва идораларда бунинг сабаб ва шарт-шароитларига бағишланган идоралараро йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда аҳолининг иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш учун турли ижтимоий лойиҳаларга бюджет маблағлари муҳтожларга етиб бормасдан, айрим банк мансабдор шахслари томонидан талон-торож қилинаётганлиги кўрсатиб ўтилди.
Қайд этилишича, «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида сўнгги икки йилда аҳолига тарқатилиши лозим бўлган 1,7 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари банк мансабдор шахслари томонидан талон — торож қилинган.
«Миллий банк»нинг Шаҳрихон филиали раҳбари Р. ва касса мудири Д. 19 нафар фуқаро номига қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, имтиёзли кредит маблағларидан 378 миллион сўмини шахсий манфаатлари учун ўзлаштириб юборган.