Янги ташкил этилган Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси давлат харидлари доирасида 1,5 млрд сўмга Chevrolet Tahoe, иккита Malibu ва Lacetti сотиб олди

0

Ўзбекистон Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси Chevrolet Tahoe, иккита Malibu ва Lacetti сотиб олди. Бу ҳақдаги маълумотлар давлат харидлари сайтидан ўрин олди.

Сотиб олиш шартномалари 3−4−5 ноябрь кунлари имзоланди. Tahoe 795 миллион сўмга, Malibu 2 энг қиммат конфигурацияда 324,4 миллион сўмга, яна бир Malibu 2 311,1 миллион сўмга, Lacetti эса 115,6 миллион сўмга сотиб олинди. Ҳаммаси бўлиб автомобиллар сотиб олишга қўмита 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлади.
Ҳужжатларда сотиб олиш сабаблари кўрсатилмаган, бироқ уларнинг хизмат мақсадларида фойдаланиш учун сотиб олингани аниқ.

Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси президентнинг 2020 йил 2 сентябрдаги фармони билан ташкил этилган эди. Давлат органининг марказий аппарати таркибига раис, унинг ёрдамчиси, биринчи ўринбосари ва ўринбосари, иккита бўлим бошлиғи, матбуот котиби ва бошқалар киради.

2021 йилги давлат бюджети лойиҳасига кўра, қўмитага 12 миллиард сўм ажратиш таклиф қилинмоқда.

Аввалроқ, Маданият вазирлиги давлат харидлари доирасида иккита Chevrolet Malibu 2 автомобилини энг қиммат конфигурациясида сотиб олган эди. Мазкур харид вазирнинг яна бир ўринбосари лавозимининг жорий этилиши, шунингдек, вазирнинг биринчи ўринбосари автомобилининг «эскириши» билан изоҳланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Молия вазирлиги хизмат автомобилларини сотиб олиш бўйича бюджет харажатлари оптималлаштирилиши ҳақида маълум қилган эди. Ўшанда вазирлик ушбу йўналишдаги қонунчилик (Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йилдаги қарори) жуда эскирганини таъкидлаб ўтган эди.

Августда Транспорт вазирлиги давлат органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларига хизмат автомобилларини бириктириш, машиналарни GPS орқали кузатиш ва хизмат автомобилларидан фойдаланиш устидан жамоат назоратини ўрнатишни таклиф қилган эди.

Gazeta.uz

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here