Қорабоғда уруш тугагани ҳақида эълон қилингандан сўнг юзлаб намойишчилар Арманистон ҳукумати биносига бостириб кирди (видео)

0

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги урушни тугатиш тўғрисида битим имзоланганини эълон қилганидан кейин 10 ноябрга ўтар кечаси Ереванда тартибсизликлар бошланди, дея хабар қилмоқда Meduza.

Турли хил тахминларга кўра, келишувдан норози бўлган юзлаб ёки минглаб намойишчилар мамлакат ҳукумати ва парламенти яқинидаги Ереваннинг марказий майдонига келди.

Улар «Биз бундан воз кечмаймиз!» – деб ўз норозиликларини билдирган. Шунингдек, Пашинян ва Арманистоннинг собиқ раҳбарларини ҳақорат қилинган.

Намойишчилар тахминан тунги соат 2:30 (Тошкент вақти билан 3:30) қаршиликка дуч келмасдан, ҳукумат ва парламент биноларига бостириб кирган. Намойишчилар Пашинянни қидиришган, аммо у бинони тарк этишга улгурган. Кейин намойишчиларнинг бир қисми бош вазир қароргоҳига борган.

Пашиняннинг сўзларига кўра, унинг яшаш жойидан компьютер, соат, атир, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бошқа нарсалар ўғирланган.  Ҳозирда Пашинян Арманистонда эканлигини маълум қилган. Бундан ташқари, намойишчилар Арманистон парламенти спикери Арарат  Мирзоянни калтаклаган.


Эслатиб ўтамиз, Арманистон, Озарбайжон ва Россия етакчилари 9 ноябрь куни кечқурун Қорабоғда жангларни тўхтатиш ҳақида уч томонлама шартнома имзолади. Сулҳ шартлари Келбажар, Агдам, Лочин туманлари ва Газах туманида Арманистон томони эгаллаб турган ҳудудлар Озарбайжон назорати остига берилишини назарда тутади. Эни 5 километр келадиган Лочин коридори Арманистон ихтиёрида қолиб, у Тоғли Қорабоғ ва Арманистон ўртасидаги алоқани таъминлаб туради.

Кейинроқ Пашинян ўз Facebook’ида жонли эфирга чиқиб, унинг тинчлик шартномасини имзолашдан бошқа чораси бўлмаганини айтди. Тафсилотлар ҳақида яқин кунларда маълумот беришни ваъда қилди. Шунингдек, у Еревандаги тартибсизликлар иштирокчилари жавобгарликка тортилишини айтди.

Daryo.uz

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here