“Москвада самарқандлик ватандошимиз инсультга учради, қўлида ҳужжати ҳам, телефони ҳам йўқ эди… Ким қандайлигини ўшанда билдим…”

0

23 октябрь. Москва. Тонг саҳардан опамдан эшитган хабар дилимни хира қилиб, юрагимда ғашлик уйғотган эди…

Москва шаҳрида ишлаб, ижарада яшаган 58 ёшли Рустам Ҳамроев исмли самарқандлик ватандошимиз инсульт олиб, бир томони фалаж бўлиб қолганлиги, ёнида ҳол-аҳвол сўровчиларнинг йўқлиги, вазиятнинг жиддийлиги бизни анча ўйга толдирди…

Кечаси зудлик билан чақирилган “тез ёрдам” машинасида амакини тўғри шифохонага олиб бориб ташлашади. Аҳволининг оғирлиги реанимацияга жойлаштиришларига сабаб бўлади. Аксига олиб, қўлида на ҳужжатлари, на бир телефон бор.

Аниқланишича, оила аъзолари юртимизда, ҳолидан хабар олишга хеч қанақа имкони йўқ.  Кўрмаган-билмаган, танимаган инсон учун қайғура бошладим. Хаёлимда юз хил режа тузиб ташладим ўзимча. Нимагадир шу беморга ёрдам бергим келаверди… Аллоҳ қалбимга солгани шудир!

Хуллас, 27 октябрда “Facebook”даги “Халқ назорати” гуруҳига эълон қолдирдим.  Маслаҳат ва ёрдам сўраб.

Админлар ишга киришди, назаримда, шу куниёқ Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Ботир  Нуруллаев менга жавоб йўллади. У киши вилоят ҳокими Эркин Турдимов билан маслаҳатлашиб, биргаликда ҳаракат бошлашини айтди. Сўнгра Москва шаҳридаги элчихонамиз билан боғланиб, улардан бемор учун вақтинчалик паспорт тўғрилаб беришларини сўрадилар.

Бу орада Рустам амакини палатага олишди. Бунақа пайтда бемор дуоларга, умидга ва ширин сўзга муҳтож бўлади… Амаки шифохонада ўн кундан ошиқ вақт ётган бўлсалар, ёлғиз ташлаб қўймасликка ҳаракат қилдик.  Унинг ўшандаги ҳолати, изтироблари фақат ўзига ва Яратганга аён…

Бу ҳам бир катта синов бўлди!

Рўзғорининг кам-кўстини тўлдириш учун тинмай меҳнат қилган, мусофирчиликнинг машаққатларини тотган одамнинг кутилмаганда дардманд бўлиб ётиб қолишида ҳам бир ҳикмат бордир… Ортга, босиб ўтган ҳаёт йўлига яна бир марта назар солиб, бу синовдан ҳам ирода билан ўтиб олишига ундагандир…

Ҳаракатларимиз давомида баъзи одамларимиз асл юзларини кўрсатишга ҳам улгуришди! Ёрдам бериш қўлларидан келишини билганлари ҳолда, аксинча, юриб кетаётган ғилдиракка тўсиқ бўлишга ҳаракат қилишди гўёки. Фақат манфаат пайида бўлишлари, баъзан лоқайдликлари жаҳлимни чиқарди! Лекин ортга чекинмадик.

Шу кунлар давомида Ботир Нуруллаев имкон борича йўқлаб, олиб борилаётган чора-тадбирлар бўйича хабардор қилиб бордилар ва муаммо ҳал этилди.

Ниҳоят биз ва Рустам амаки интизорлик билан кутган кун ҳам етиб келди!

Йўқолган ҳужжатлар элчихона орқали қайта тикланиб, Самарқанд ҳокимлиги томонидан 5 ноябрь кунига самолётга билет олинди. Биз вақтдан ютдик!

Фурсатдан фойдаланиб, Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов ва ҳоким ўринбосари Ботир Нуруллаевларга, элчихона ходимлари Тойир ака ва Шерзодларга, савобли ишда иштирок этган барча яхши кишиларга чин юрагимдан миннатдорчилигимни билдираман!

Бажарса, ўз вазифаларини бажарган, дейишга шошилманг, азизлар. Инсонийлик юзасидан қайғуриш, воқеаларга жиддий киришиш бошқа нарса, ҳисобот учун, совуққонлик билан силлиққина буйруқ бериб, ўзи чеккага чиқиб олиш бошқа гап.

Хуллас, бу инсонлар биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўздилар!

Биз ўша куни турмуш ўртоғим билан биргаликда Рустам амакини аэропортга олиб кетиш, уйига кузатиб қўйиш мақсадида у ётган шифохонага бордик. Врачлар бизни илиқ кутиб олишди. Кузатаётиб эса уларга миннатдорчилик билдирганимизда, уларнинг: “Ватандошингизни ташлаб қўймаганингиз учун, аслида, сизларга раҳмат!” деган сўзларини миллатимизга бўлган ҳурмат деб тушундик ва яна бир марта  ўзимизга бўлган ишончимиз ортди!

Ўша кун кечаси Рустам амаки билан Внуково аэропортида хайрлашдик! Амакининг Ватанга, яқинлари бағрига қайтаётганлигидан хурсандлиги юз-кўзларидан билиниб турар, барча ёрдам берганларни қайта-қайта дуо қилганликлари кўнглимизда аллақандай ажиб ҳис-туйғуларни уйғотди… Енгил тортдик!

Ич-ичимиздан амакининг тезроқ соғайиб кетишини, яна оёққа туришини истадик!

Соғлиқ – энг бебаҳо неъмат эканлигини яна бир маротаба тушуниб етдим! Ризқ Аллоҳдан!

Атрофимизда ўз ташвишлари билан овора, меҳнаткаш, бири-биридан яқиним бўлган қора кўз  юртдошларимизга қараб ҳайқиргим келди: “Ўзингизни эхтиёт қилинг,  ўзингизни асранг, Одамлар!”

Юлдуз Умирқулова,

Жиззах

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here