Тоғли Қорабоғ: ким нима ютди?

0

Тоғли Қорабоғда жанглар тўхтаб, Озарбайжон ютган ва Арманистон ютқазгандай тасаввур юзага келган. Аммо инсонийлик, адолат ва ҳоказо деган нарсаларни четга суриб туриб, фақат манфаатлар, сиёсат нуқтаи назаридан қаралса, бу урушда турли тарафлар турли даражада манфаатларга эришганлари ёки манфаатлардан қуруқ қолганликларини кўриш мумкин. Хўш, кеча якунига етган урушда кимлар нима ютди ?

ОЗАРБАЙЖОН

Озарбайжон урушда сўзсиз ғолиб чиқди. У Арманистонни ҳарбий ва сиёсий томондан капитуляция қилди. Арманистон эгаллаб олган 7 та туманлардан ташқари қадимий Шуша шаҳрини қўлга киритди. Олдин ўта олмайдиган Нохичеван эксклавига Арманистон ҳудуди орқали йўл очиб олди.

Аммо, 2 та нарса :

1. Яна бирон ҳафта жанг қилса ёки жангни давом эттириб турса, Қорабоғни 100% олиши мумкин бўлган жойда, ҳозиргача эгаллаган ҳудудларни сақлаб қолиш шартига кўниб, сулхга рози бўлди.

2. Қорабоғга Россия “тинчликпарвар” кучларини киритишга рози бўлди. Бунга Озарбайжон Россиянинг вертолётини уриб туширгани учун мажбур бўлдими ёки олдиндан шундай режа бўлганми, билмадим. Аммо бу Озарбайжоннинг кейинчлаик қимматга тушиши мумкин бўлган энг катта хатоси бўлади. Ғолиб сифатида бундай хатолар йўл қўйиш ғалабани бир пул қилиши мумкин.

АРМАНИСТОН

Арманистон урушда ҳар томонлама ютқазди дейиш мумкин. Кучи етмаслигини билиб туриб, ўзидан бир неча ўн марта кучли бўлган ва тайёргарлик кўрган давлатга қарши жангга киришиб, уруш давомида ўз халқига бор ҳақиқатни айтишнинг ўрнига худди жангни ютаётгандай қилиб кўрсатиб келиб, бир кунда капитуляцияни тан олиш Арманистонда кучли ички ихтилофларни келтириб чиқарди. Қўмондонлик ва сиёсий етакчилик роли савол остида қолган, “Ғарбнинг малайи” эканликда айбланаётган Никол Пашинян ўз мансабида узоқ қолмаслиги ва яқин орада Арманистон бутунлай Россиянинг малайига айланиб қолиши мумкин.

РОССИЯ

Бу жангда энг кўп фойда кўрган, керак пайтда керакли позицияларни эгаллай олган ва уруш сўнггида “ғалаба торти”нинг катта қисмини ўзига олишни эплаган тараф Россия бўлади.

Арманистон ва арман диаспорасининг босимига қарамасдан Россия урушни жимгина кузатиб туришга ўзида куч топа олди. Арманистонга “ғарб тараф” ҳукумат келгач, унга кўрсатиб қўйиш учун ҳам Путин Озарбайжон Қорабоғни қайтариб олишини хоҳлаган бўлишини таҳмин қилиш мумкин. Энг асосийси, бу жангга тўғридан-тўғри аралашиш Россияни умуман “ўйин”дан чиқариб ташлаб, Кавказни Туркиянинг ихтиёрига ташланишига ёки охири йўқ ва бефойда тўқнашувларга аралашишига сабаб бўлиши мумкин эди.

Ҳозир Россия битта ўқ билан иккита қуённи урди. Бир томондан, Россия манфаатларига қарши бўлган Пашинянни дискредитация қилиб, Арманистонни Россияга қарам қилиб олди. Бошқа томондан, Қорабоғ ҳудудига ўзининг “Троя оти”ни киритиб олди. Эндиликда, Озарбайжон ҳам, Арманистон ҳам, Қорабоғ ҳам Россиянинг кузатуви ва марҳамати остида бўлади. Бир кун келиб арманлар сулх шартларини бузадиган бўлса, ёки шартларни бажармайдиган бўлса, Озарбайжон энди эркин ҳаракат қила олмайди. Ҳар бир босган қадами “Россияга қарши” ҳаракат деб баҳоланиб, Россияга расман аралашиш ҳуқуқини беради.

ТУРКИЯ

Яқин шарқ, Шимолий Африкада ўз геосиёсий позицияларини мустаҳкамлаб келаётган Туркия эндиликда Кавказдаги позициясини ҳам анча яхшилаб олди. Илгари “Россиянинг даласи” бўлган ҳудудларга кириб, хўжайинлик қилишга ва аралашишга расман эришган Туркия эндиликда Озарбайжонни ҳам ўз таъсирида ушлаб туради. Агар Озарбайжон Россиянинг домига кириб кетишни хоҳламаса Туркиянинг “катта оға”лик ролига рози бўлиб яшашга мажбур бўлади.

АҚШ

Қорабоғ воқеалари АҚШда президент сайловлари бўлаётган бир пайтга тўғри келди. Умуман олганда уруш вақти атайлаб шу даврга тўғриланмаганмикан деб ҳам ўйлаш мумкин. Бир томондан, Трамп Кавказ ҳудудига алоҳида қизиқмаслигидан ташқари президент сайловлари олдидан АҚШ бундай тўқнашувларга аралашмай туришини тушуниш қийин эмас.

Шунга қарамасдан, АҚШ “Минск гуруҳи”нинг копрезиденти сифатида тарафларни “можарони тинч йўл билан ҳал қилиш”га чақириб, нима бўлишини зимдан кузатиб турди. Озарбайжоннинг ғалабаси яқинлаша бошлагач, америка компаниялари, масалан МакДоналд очиқчасига Озарбайжонни қўллай бошлади.

ФРАНЦИЯ

Мағлуб томонни очиқчасига қўллаб, охирида ютқазган давлатлардан бири Франция бўлади. “Минск гуруҳи”нинг копрезиденти сифатида нейтрал позиция эгаллаши керак бўлган Франция Қорабоғ можаросини Туркия билан геосиёсий рақобатидан ажрата олмади. Яъни бир жунни иккинчи жун билан аралаштириб юборди. Бунинг устига Франциядаги арман диаспорасининг босимини енга олмаган ёки енгишни хоҳламаган Франция Арманистоннинг тарафини олди.

Франция телевиденияси ва газеталарида Озарбайжон тарафни олиб ёзилган кўрсатув ва мақолалар арман диаспорасининг таҳдидлари остида олиб ташланди.

Натижада уруш тугагач, Франция Арманистонга таъсиридан ҳам айрилди, Озарбайжондаги миллиардлаб евролик манфаатлари ҳам савол остида қолди. Урушнинг якунидаги сулх ҳам Франциясиз имзоланди.

ИСРОИЛ ВА ЭРОН

Исроил бошиданоқ Озарбайжон тараф бўлиб, уларга замонавий қуроллар сотиб келаётган бўлса, уруш пайтида ҳам буни яширгани йўқ. Бир томондан, Исроил пули бор тарафни қўллаши мантиқан тўғри бўлса, бошқа томондан, жаҳон саҳнасида ҳам еврейлар арманларни қўлламасликлари сир эмас.

Арманистон билан яхши алоқаларга эга бўлган Эрон урушнинг бошида арман томонини қўлламоқчи бўлганида тезда бунинг хато эканлигини тушуниб етди. Эроннинг шимолий вилоятларида бир неча ўн миллион озарбайжон миллатига мансуб фуқаролари яшаганлиги учун Арманистонни қўллаш Эронда ички муаммоларни келтириб чиқариши мумкин эди. Шу сабабдан, Озарбайжон юта бошлаганини кўргач, Эрон очиқчасига “Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги ҳуқуқи” ҳақида гапира бошлади.

МАРКАЗИЙ ОСИЁ

Марказий Осиё давлатлари бу урушда ўзларининг мустақил позицияга эга эмасликлари кўрсатдилар. Бошида Қирғизистон очиқчасига Озарбайжонни қўллаган бўлса, бу орада уларда инқилоб юз бериб, ўзларининг муаммоларига ўралашиб қолдилар. Дастларб жим турган Қозоғистон уруш охирларига бориб Озарбазйжонга қурол етказиб бериб, қайсидир маънода позициясини билдирди дейиш мумкин. Доим Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги тарафдори бўлиб келган Ўзбекистон эса Россиянинг оғзига қараб фақат тарафларни можарони тинч йўл билан ҳал қилишга чақиришдан уёғига ўтмади. Туркманистон ва Тожикистон ҳам мумни қаттиқ тишлаб ўтиришди десам нотўғри бўлмайди.

@uchzamon

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here