Юртингда шунча ишчи кучи турганида, Бангладешдан ишчи олиб келасанми, номард?..

0

Ҳамма яратиқларнинг қитиқ-пати бўлади. Эшакнинг ҳам халаси бўлади. Бўйнининг пастида қора чизиқ бор-еу, ўшанга тегинсангиз, ғаши келиб югуради. Ўша чўпнинг номини халачўп дейилади.

Одамдаям хала бор. Амалдорларнинг халаси бу – амал курсиси ҳисобланади. Амал курсисига сал тегинсангиз пилдираб югуради…

1992 йил менинг биринчи мақолам газетага чиққанида бутун Республика бўйича акс-садо берган. Шу мақола юзасидан ҳукумат комиссия тузиб, вилоятнинг олис туманидаги олис қишлоғидаги ўша муаммони ўрганиб бартараф қилишган. Энди-чи, газета тугул ижтимоий тармоқда оғиз йиртсангиз ҳам нафи кўринмаяпти. Чунки жамиятнинг қитиқ-пати ўлмоқда. Ҳаромхўрни ҳаромхўр деб сўксангиз ҳам эътибор қилмаяпти. Чунки у пул қули. Пулига ёки даромадига тегинсангиз, кейин питирлашни бошлайди. Бўлмаса, юртингда шунча ишчи кучи турганида, Бангладешдан ишчи олиб келармидинг?! Шунча юртдошинг мигрант бўлиб хорижда хор бўлаётганини биласан-ку. Йўқ, Сен бошқа жойинг билан ўйлайсан!
Ҳатто “миллат” деган сўзим ҳам уларга кулгили туюлиши мумкин. Кулгили туюлиши у ёқда турсин – буни ёзганимни ҳам билишмайди. Ҳа, бу тоифага мана шу ёзганларим етиб бормайди. Чунки улар доим нотавон мардумлар арзу дод қиладиган Фейсбукка кирмайди. Улар еирса, Аlibaba.сом ва Olx каби сайтларга киради, Твиттерга киради, олди-сотди сайтларга киради, холос.
Фаразан ижтимоий тармоқда Ҳаромхўрга дакки бермоқчи бўлсангиз, парвойига ҳам илмайди, агар унинг даромад манбаи ва откат олувчи жойидан ушласангиз, ана унда кўринг, сизни нима қилади – энг камида сизга қарши Троллинг қилиб троллар армиясини ташлайди. Энг камида дедим – бўлмаса бошқа чоралар қилади.

Юқорида амалдорларнинг, уларнинг ёнидаги ҳаромхўр ишбилармонларнинг халаси бу – амал курсиси дедим. Яна уларнинг халаси даромад ва откат манбаи ҳисобланади…

Қитиғи ўлган тана (жамият) ҳатто оғриқни ҳам ҳис қилмайди… Шаън, номус, ғурур ўлади… Кейин уни четдан туриб бошқариш янада осонлашади…

Шукур Жаббор

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here