2021 йилги «Оскар» мукофотига Ўзбекистондан илгари суриладиган фильмлар шорт-листи эълон қилинди

0

Дунёнинг энг нуфузли киномукофоти – «Оскар–2021»нинг «Энг яхши халқаро бадиий фильм» номинациясига Ўзбекистон номидан тақдим этилиши мумкин бўлган учта фильм номи маълум бўлди. Бу ҳақда кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов фейсбук саҳифасида хабар қилган

«Танловга режиссёр Жаҳонгир Қосимовнинг «Ибрат»Аюб Шаҳобиддиновнинг «Рангсиз тушлар» ва Ёлқин Тўйчиевнинг «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильмларидан бири илгари сурилиши кутилмоқда», – деб ёзди у.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Оскар қўмитаси 2021 йилнинг 25 апрель куни Лос Анжелес шаҳрининг «Dolby» театрида бўлиб ўтадиган маросим танловида қатнашиш учун муносиб номзод бўйича сўнгги қарорини шу йилнинг 20 ноябрь куни эълон қилади.

Режиссёрга кўра, ҳозирда Ўзбекистон Оскар қўмитаси янги таркибдаги аъзоларини тасдиқлаган.

Қўмита раиси сифатида «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдуҳолиқов тайинланган.

«Қўмита аъзолари таркибидан Зулфиқор Мусоқов, Матёқуб Матчонов, Баҳодир Одилов, Ҳамидулла Ҳасанов, Элжон Аббасов, Нигора Каримова, Жаҳонгир Аҳмедов, Манноп Қўчқоров, Азиз Арзиқулов, Умид Ҳамдамов, Баҳтиёр Ёқубов, Фарруҳ Тўлаганов, Элдор Юлдашев, Игорь Пинхасов ҳамда продюсер ва қўмита координатори Ойбек Абдушукуров ўрин олган.

«Оскар регламентига мувофиқ, мукофотга номзод фильмларга тақдимот бўлгунга қадар телевидение ва интернет тармоғида намойиш этилмаган бўлиши талаб қилинади», – дея эслатади Жаҳонгир Аҳмедов ўз постида.

Маълумот учун, 2019 йил баҳорида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, «Ўзбеккино» миллий агентлиги ва Ўзбекистон миллий кинокомиссияси томонидан Ўзбекистон Оскар қўмитаси ташкил қилиниб, АҚШ киноакадемияси томонидан рўйхатдан ўтказилган.

Илк бор Умид Ҳамдамовнинг «Иссиқ нон» фильми Ўзбекистон номидан нуфузли мукофотга илгари сурилган эди.

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here