Макрон янги қонун лойиҳаси таклиф қилди: Францияда имомлар кенгаши бўлади, уйда диний таълим бериш тақиқланади

0

Франция президенти Эммануэль Макрон мамлакат мусулмонлар кенгашига 15 кун ичида махсус низом ишлаб чиқишни таклиф қилди. Унга кўра, диний таълим давлат мактабларидан ажратилиши керак. Макроннинг таклифига кўра, Францияда имомлар кенгаши ташкил этилади. Имомлар давлат томонидан махсус аккредитациядан ўтказилади. Белгиланган талаблар бузилса, бу аккредитация бекор қилиниши мумкин.

 

Макрон низомда ислом сиёсий ҳаракат эмаслигини белгилатмоқчи. Низомда динни сиёсийлаштириш ва диний масалада ҳар қандай хорижий аралашув чекланади.

Макрон ва Франция Ташқи ишлар вазири Жералд Дарманен Елисей саройида мусулмонлар кенгашининг 8 нафар етакчиси билан учрашган.

«Низомда икки нарса аниқ ёзилиши керак: исломни сиёсийлаштиришга ва чет элдан ҳар қандай аралашувга йўл қўйилмайди», – деган Макрон. Учрашув давомида имомлар кенгаши тузилиши ҳам тасдиқланган.

Имомлар билан учрашув давомида Макрон янги низомда ўзи ислом сепаратизми деб атайдиган ҳолатга қарши курашда қуйидаги таклифларни илгари сурган:

Уйда ўқитиладиган диний таълимни чеклаш ва фақат истисно тариқасида унга рухсат бериш. Шунингдек, бошқа диний мактаблар, яъни католик мактаблари фаолияти ҳам назоратга олинади;
Давлат хизматчиларини диний қарашлари билан қўрқитиш тақиқланади;
Ҳар бир болага идентификация рақами берилади ва шу орқали уларнинг мактабда қатнашаётгани текширилади;
Ҳозирда Франция қонунчилигида тақиқланмаган уйда диний таълим бериш кейинги ўқув йилидан чекланади. Бу қоидани бузган ота-оналар 7,5 минг еврогача жарима тўлайди ёки олти ойгача қамалади;
Одамни қийнашларига сабаб бўлувчи шахсий маълумотлар тарқалишига йўл қўйилмайди.
Маълум бўлишича, бу қонун лойиҳаси 9 декабр куни Франция ҳукумат йиғилишида муҳокама қилинади.

Октябр ойида Ислом динининг охирзамон пайғамбари Муҳаммад (с.а.в)нинг сийратларига нисбатан салбий таассурот уйғотувчи карикатурани мактаб ўқувчиларига кўрсатган ўқитувчи Самюэл Пати 18 ёшли чечен йигити томонидан ўлдириб кетилганди. Москвада туғилган ва Францияда қочоқ сифатида яшаб келган йигитнинг ўзи қўлга олиш жараёнида ўлдирилган.

Маҳаллий ОАВда Пати карикатурани ўқувчиларига кўрсатгач, бу ишидан пушаймонлигини айтгани ҳақида ҳамкасблари билан ёзишмалари тарқалди. У сўз эркинлиги мавзусида бошқа мисолни келтириши керак бўлганини, бу иши билан хато қилганини айтган.

Пати ўлдириб кетилгач, Франция президенти Эммануэль Макрон унинг наздида «радикал ислом»га қарши курашиш кераклигини айтди ва дунё мусулмонларининг нафратига учради. Унга қарши кўплаб мамлакатларда норозилик намойишлари ўтказилди, ўнлаб карикатуралар чизилди, Макроннинг ўлимини тилаб дуо қилишди. Унинг чиқишидан кейин Францияда бир неча теракт ҳам содир этилди.

Маълумот учун, Францияда 5,7 миллиондан ортиқ мусулмон яшайди. Бу эса мамлакат аҳолисининг 8,8 фоизи дегани. Европанинг ҳеч бир мамлакатида бунчалик кўп фоизда мусулмон яшамайди. Франциянинг Марсел шаҳри эса Европада ислом пойтахти деган номни олган.

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here

8 − 2 =