Ибн Синони лол қолдирган табиб

0

Абу Али ибн Сино Аловуддиннинг қўлидан қочиб, Ҳамадондан Бағдодга кетаётганида, Шатт дарёси бўйида бир одам дўкон очиб, дори-дармон сотиб, табиблик даъво қилиб ўтирганини кўриб қолибди. Абу Али ибн Сино табибнинг дўкони атрофида бир оз айланиб юрибди ва унинг ишларига разм солибди. Шу пайт бир аёл беморнинг шишага солинган пешобини келтириб табибга берибди.

Табиб аёлга қараб:

– Касал яҳудийми? – дебди ва яна қўшиб қўйибди: – Сен шу касалнинг хизматкоримисан?

Аёл унинг сўзини тасдиқлабди.

Табиб яна аёлга қараб:

– Касалнинг уйи шарқ томондами? – деб сўрабди.

– Ҳа, шундай, – деб унинг сўзини тасдиқлабди аёл.

– Касал кеча қатиқ ичганмиди?

– Ҳа.

Ҳамма унинг донолигига қойил қолибди. Ибн Сино ҳам таажжубланибди. Ҳалиги табибнинг қўли бўшаганидан сўнг ибн Сино унинг олдига борибди-да:

– Бу нарсаларни сен қандай билдинг? – деб сўрабди.

– Сенинг Абу Али ибн Сино эканингни қандай билган бўлсам, бу нарсаларни ҳам шундай билдим, – дебди табиб.

– Бу ундан ҳам мушкулроқ иш-ку, – дебди ибн Сино.

Табиб дебди:

– Шишани менга узатганида, қарасам, аёлнинг енги кир экан. Демак, у бировнинг хизматкори бўлиши керак, деб ўйладим. Яҳудий мусулмоннинг хизматини қилмайди. Шунинг учун ҳам ҳўжасининг яҳудийлиги аниқ эди. Аёлнинг кийимига қатиқ томганини кўриб, дарров англадимки, ўша уйда қатиқ ичишган ва озроқ беморга ҳам беришган. Яҳудийларнинг уйи, одатда, шарқ томонда бўлади. Демак, бемор шаҳарнинг шарқ томонида яшайди.

– Бу гапларинг ҳам маъқул, лекин мени қандай танидинг? – деб сўрабди ибн Сино.

– Бугун Абу Али Аловуддиннинг қўлидан қочибди, деган хабарни эшитган эдим. Бағдодга келса керак, деб тахмин қилдим. Бундан ташқари, маълумки, менинг бу муғомбирлигимга сендан бошқа ҳеч кимнинг ақли етмайди.

“Шарқ ҳикоят ва ривоятлари” китобидан.

Нигинабону Аҳмедова

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here

two × one =