Қайнонасининг кўнглига йўл топган келин

0

Қайнона яқиндагина туширган келинига:

– Барака топинг, қизим! Ўғлимни намоз ўқийдиган, масжидга ошиқадиган бўлишига сабаб бўлдингиз! Мен 30 йилда қилолмаган ишни 30 кунда амалга оширдингиз! – деди кўзёшларини артиб…

Келин:

– Онажон, тош ва хазина қиссасини биласизми? Бир замонлар каттакон харсанг тош бўлиб, у йўлнинг ўртасида турар, йўловчиларнинг йўлини тўсар экан. Бир киши уни болта билан уриб майдалашга ҳаракат қилибди. 99 марта зарба бериб чарчаб қолибди. Кучи етмабди! Сўнг у ерга бир киши келиб қолган экан, ундан:

– Эй, биродар, тошни майдалашиб юборинг! – дебди.

Йўловчи рози бўлиб тошни қаттиқ урган экан, бир мартадаёқ бўлиниб кетибди. Қарашса, харсанг остида ҳамён тўла олтин бор экан. Бу икки киши уни талашиб қолишибди. Йўловчи:

– Менинг зарбам билан тош бўлинди, хазина меники! – дебди.

Хуллас, улар қозининг ҳузурига боришибди…

– Унда менинг ҳам қисман ҳақим бор! Ахир мен уни 99 марта урдим. Чарчадим. Ўзим бўлаклай олардим! – дебди аввалги киши…

– Йўқ, бунда ҳақингиз йўқ, тошни мен синдирдим. Хазинанинг ҳаммаси меники, – дебди иккинчи киши…

Қози:

– Сиз тошни 99 марта урганингиз учун 99 қисми сизга. Бир ҳиссаси эса, бўлганингиз учун сизга, – дебди иккинчи кишига…

Агар биринчи кишининг 99 та зарбаси бўлмаганда эди, 100-мартада тош бўлинмасди…

Она 30 йил ҳаракат қилиб, ўғлига намоз ўқита олмади. Келинининг таъсирида 30 кунда намоз ўқийдиган бўлганидан қувонди. Келиннинг гўзал ахлоқини қарангки, натижани ўз меҳнати деб эмас, муштипар онанинг йиллар давомида чеккан заҳмати бесамар кетмаганини эътироф этиб, қайнонасини қувонтирди…

Ҳаётда кимнингдир машаққати эвазига осон обрў қозонадиганлар кам эмас…

Бир бинони пойдеворидан, аввалги ғиштларидан бошлаб кўтаради. Лекин охирги ғиштни кимдир келиб қўяди. Ва муваффақият, обрў унга боқиб кетади. Лекин Аллоҳ барчанинг амали-ю ниятини билади.

Гўзал ахлоқ асли гўзал инсонлардагина бўлади…

Нигинабону Аҳмедова

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here