Шавкат Мирзиёев Путин билан COVID-19 га қарши Россия вакцинасини муҳокама қилди

0

Президент Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Ўзбекистон давлат раҳбари матбуот хизмати ахборотига кўра, мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Қайд этишларича, президентлар халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини муҳокама қилди. Хусусан, 2020 йил декабрида видеоанжуман шаклида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон раислигидаги МДҲ саммитига тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилган (йиғилиш дастлабки режа бўйича 16 октябрда ўтказилиши керак эди).

Мирзиёев ва Путин коронавирус пандемиясининг тарқалиши оқибатида келиб чиққан глобал инқироз шароитида икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар барқарор суръат билан ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этган. Жумладан, ўзаро ташрифлар фаол амалга оширилмоқда, ўзаро савдо ҳажмлари ортмоқда, устувор лойиҳалар ҳамда гуманитар алмашинув дастурлари давом эттирилмоқда.

Кремль матбуот хизматининг ахборотида таъкидланишича, икки давлат раҳбарларининг телефон мулоқоти чоғида «коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш, шунингдек, Россия вакцинасидан фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган». Кремлнинг қайд этишича, мулоқот Ўзбекистон томони ташаббуси билан бўлиб ўтган.

Аввалроқ соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев Ўзбекистонда 2020 йил охири ёки 2021 йил бошида коронавирусга қарши Россияда ишлаб чиқилган «Sputnik V» вакцинасининг клиник синовлари бошланиши мумкинлигини маълум қилган эди. Вазирнинг сўзларига кўра, Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди (РТИФ)га 500 доза вакцина олиш бўйича сўров юборилган.

Сентябрь ойида РТИФ Ўзбекистоннинг «Лахисам» фармацевтика компанияси билан 35 миллион доза «Sputnik V» вакцинасини етказиб бериш бўйича келишувга эришганини эълон қилган эди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда Хитой, АҚШ ва Европа мамлакатларида ишлаб чиқарилган вакциналар ҳам синовдан ўтказилиши кутилмоқда.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here