Ўзбекистонда 160 та кичик экобозор қуриб битказилди

0

Ўзбекистонда 274 та кичик экобозорларнинг қурилиши бошлаб юборилди, 160 таси эса тўлиқ барпо этилди. Бу ҳақда 28 ноябрь куни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлигида озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг қайд этишича, Президент томонидан 2020 йил 16 октябрь куни мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини, шунингдек қиш-баҳор мавсумида нархларнинг барқарор сақланишини таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини жамғариш ва «даладан-дастурхонга тамойилини» тўлиқ жорий этиш, нарх-навонинг асоссиз ошишини олдини олиш масалалари бўйича кечиктириб бўлмас чораларни кўриш юзасидан берилган топшириғига мувофиқ Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан мутасадди ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, мамлакат деҳқон бозорларида 473 та арзонлаштирилган махсус расталар ташкил этилиб, ишлаб чиқарувчининг ўз нархида маҳсулот сотиши таъминланди, зарур бўлган ҳолларда эса бевосита юк машинасидан савдо қилиш учун шароит яратиб берилди.

Ҳар бир бозорга масъул ходимлар бириктирилган ҳолда кунлик мониторинг ўтказилиб, нарх-навонинг ошиши эҳтимоли мавжуд бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи нархида интервенсия қилиш чоралари кўрилмоқда.

2020 йилнинг 15 мартидан шу кунга қадар 72,4 минг тонна картошка, 74,1 минг тонна пиёз, 22,6 минг тонна сабзи, 4,8 минг тонна карам, 5,8 минг тонна товуқ гўшти, 13,8 минг тонна гўшт, 63,1 млн дона тухум, 8,6 минг тонна гуруч ва 8,4 минг тонна шакар ишлаб чиқарувчилар нархида бир ҳудуддан иккинчисига интервенсия қилинган.

Шунингдек, жойларда ишлаб чиқарувчилар, фермер ва деҳқонлар учун кичик экобозорларни ташкил этиш топшириғига биноан маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ҳудудларда 274 та кичик экобозорларнинг қурилиши бошлаб юборилди, 160 таси эса тўлиқ барпо этилган.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here

13 − 6 =