«Ziyouz» портали асосчиси Давронбек Тожиалиев Истанбулга киритилмай, Ўзбекистонга депортация қилинди

0

«Ziyouz.com» портали асосчиси, журналист Давронбек Тожиалиев ўзининг Facebook’даги саҳифаси орқали Истанбулга киритилмай, Ўзбекистонга депортация қилинганини ёзиб қолдирди.

Журналист бунга қадар Туркияга 5 маротаба борганини ва ҳеч бирида бу каби муаммо кузатилмаганини маълум қилган. Туркия Ички ишлар вазирлиги миграция бўлими ходимлари кириш тақиқи учун бирон сабабни билмасликларини, тақиқ ҳукумат тарафидан қўйилгани билдирган. Журналист ўз саҳифаси орқали миграция бўлимида ўтказган бир туни, у ердаги шароитлар, интернет муаммоси, турли давлатлардан келиб, мамлакатга киришини кутиб ётган хорижликлар ҳақида пост қолдирган.

– ‘Терминал’ деган фильмни кўпчилик маза қилиб томоша қилган-а? Крокозия деган давлат тугатилиб, унинг фуқароси Нью-Йорк аэропорти терминалида қолиб кетади ва ажойиб саргузаштларни бошидан ўтказади.

Кеча менда ҳам шундай бўлди. Турк ҳаво йўллари орқали Тошкентдан учиб, Истанбул янги аэропортига қўндик. Паспорт назоратидаги ҳижобли хизматчи янги қизил паспортимни узоқроқ текширди. Икки марта қаёққадир телефон қилди. Кейин кутиб туринг деди. Бир полис келди, паспортимни олиб, мен билан юринг деди. Ундан муаммо нимадалигини сўрадим. У сизга Туркияга кириш учун тақиқ қўйилган деди. Нега деган саволимга буни билмаслигини, полиция идорасида тушунтиришларини айтди.

Полиция идорасидаги ходим компьютердан нималарнидир текшириб, қоғозларни чоп этди. Кейин мени Ички ишлар вазирлиги миграция бўлимига олиб борди.

У ердагилар ҳам кириш тақиқи учун бирон сабабни билмасликларини, тақиқ ҳукумат тарафидан қўйилганини, бу ҳолатда бирон нарса қилиш имконсизлигини, мени кечки рейс билан Тошкент учоғига миндиришлари лозимлигини айтишди. Тортишувлар иш бермади. Уларга журналист эканимни, аввал 5 марта келган бўлсам ҳеч қачон муаммо бўлмаганини айтдим. Улар мени тинглаб, тизимда тақиқ борлигини, бу ҳолатда қандай тартиб жорий қилинган бўлса, шуни бажариш мажбуриятида эканликларини айтишди. Балки бирон ҳарфда хато кетганмикан, десам, яна текширишди. Исм, фамилия, туғилган сана ва бошқа маълумотлар ҳаммаси мос тушяпти.

Қўлимга Туркияга киришим тақиқлангани учун кейинги рейсгача вақтинча сақлаш хонасида қолишим, тақиқ тугагунча эса консулликдан фақатгина махсус виза орқалигина Туркияга кира олишим, бу ҳақда судга даъво очишим мумкинлиги ҳақида қоғоз беришди. Сўнг ичкарига кузатиб қўйишди.

Ичкари кирганда димоққа урилган илк ҳид бурқсиган сигарет иси бўлди. Кўринишидан ироқлик ва эронлик бўлган «брат»лар ошхона тўғрисидаги туалетда роса тортишмоқда.

Салом бериб, аста ўтирдим. Ҳеч ким кимсан, нима бўлди деб сўрамади ҳам. Телефонимни титиб ўтиравердим.

Дарвоқе, бу ерга киришдан аввал фотоаппаратимни сақлаш камерасига олиб қўйдилар. Лаптоп ва телефоним ўзимда қолди. 20 дақиқача ўтирганимдан сўнг ётоқ камераларига бир-бир мўралаб, бўш жой қидирдим. Ҳаммага буйруқ бераётган бақувват эронлик анув хонага кир, деди. Хона 12 кишилик. Сассиқ пайпоқ ҳиди анқиб турибди. 3 та қоратанли, бир хитойлик, бир испан, қолганлари эрони ва ироқликлар. Ноилож жойлашиб, телефонимни қувватлаб тургандим, қўриқчи чақириб қолди.

Нонушта олиб келибди: каттагина бутерброд ва икки стакан шарбат. Таомланиб, атрофдан мулоқот учун кўзга яқин одамлардан қидирдим. Биттаси бошқасига ўрисча гапириб қолди. Айни муддао бўлди. Таниша бошладим. Бири чечен, яна бири кабардин экан.

Бирдан ичкаридан бир тожик чиқиб, тўғримда ўтирган қозоққа ярим ўзбекчалаб нимадир деди. Тожик жуда қизиқувчан экан. Умрида биринчи марта сочи узун жингалак қоратанлини кўриб, у билан суҳбатлашмоқчи бўлди. Жингалак Франция фуқароси экан. Ақал-тақал инглизча биларкан. Хатлонлик ўзбекча биладиган тожикка француз билан инглизча мулоқот қилишига таржимонлик қилдим. Мен билан яқин бўлиб қолган тожик секин имлади-да, анави эронидан эҳтиёт бўлинг. Ғирт мошенник экан. Кеча кечқурун ўзбек болалардан пул олиб, интернет сотди, деди.

Хонабошиликка даъвогарлик қилаётган бақувват эрони туркча яхши гапирар экан. Ошхонада кўпчилик туриб еса-да, менга ўтиргани жой таклиф этди. Қозоқ ака гап орасида бу эронлик озарбайжон деганди, менам унга қараб, «Қарабаг Азербажандир!» дедим. Очилиб кетди. Афсус, ярми қопкетди-да, дедим. Э нимасини айтасан дейди.

Италия фуқароси бўлган ироқлик курд полиглот эканей. Инглизча, французча, испанча, немисча, италянча, арабча, форсча, русча гапириб ташлади. Анов хитойлик билан хитойча гаплашди-эй. У билан ҳам чиқишиб қолдик. Транзит зонада Италия паспортини сохта деб ўтказишмабди. Полиглотлигига ҳавас қилиб, Италияда қаерда ишлайсан, десам, полицияда таржимон бўлиб ишлайман, ҳеч ерда бунақа муаммо бўлмаганди, дейди.

Turk Telekom’дан олган бепул интернетим бир соатлик экан, тугаб қолди. Дарвоқе, Истанбул аэропортида, сиз телефон рақамингизга код олиб, бир соат бепул интернетдан фойдаланишингиз мумкин.

Чечендан интернетингдан Wi-Fi тарқата оласанми десам, барака топсин, бемалол деб улаб берди. Анча-мунча фойдаланиб, ишқилиб чексизмиди десам хижолат чекмай фойдаланавер, деди.

Чечен ўтган сафар келганда аэропортда қўполроқ муомала қилган бир полиснинг таъзирини берган ва ‘обезянка’га тушган. Бир оз ушлаб турилиб, депорт қилмасдан рейсга чиқарворилган экан. Ўшанда тақиқ қўйишган экан, дейди. Чечен, кабардин ва қозоқ юр сани тозароқ ва сигарет ва бошқа ҳидлардан йироқ хонага опкирамиз деб ўз хоналарига таклиф қилдилар. Хонада 2 та соқолчали ўзбек савдогар йигитчаларни кўрдим. 1 кундан бери шу ерда эканлар. Уларни паспорт назоратга бормасданоқ хавфсизлик ходимлари сўроқ қилиб, киришга тақиқ қўйишибди. Нега келдинг, бу ерда кимларни танийсан, деб сўрашибди. Охири сенга киришга тақиқ қўйдик деб қўйишмабди.

Йигитлар бир савдо шартномасини тузгани келишган экан. Бу ёқдаги фирма билан гаплашдик. Хат қиберадиган бўлди. Шу орқали махсус виза олиб, шу билан яна қайтиб келоврамиз дейишди.

Улар менга Turk Telekom интернетидан қандай қилиб яна бепул фойдаланиш мумкинлигини ўргатишди. Рақам ёзиладиган жойга Ўзбекистондаги бирон танишигиз рақамини ёзасиз ва аввал интернет ишлаб турган пайтда уларни огоҳлантириб, кодни сизга SMS орқали юборишларини тайинлайсиз. Қарабсизки, яна бир соат интернетдан фойдаланаверасиз, буниси тугагандан сўнг шу усулни бошқа рақамда қўллайсиз.

Тушликка Burger King ва Coca-Cola беришди. Яхши боқишаркан. Ичимлик суви доимий турибди.

Ўзбек ака-укалар UzAirways рейсида қайтишди. Хонада чечен, тожик, қозоқ ака ва мен қолдим. Қозоқ аканинг оиласи Анқарада, ўзи эса Туркия визасида ноаниқлик борлиги сабаб 7 кундан бери шу ерда экан. Аниқ жавобни кутяпти. Қайта Нур-Султон рейсига чиқишга унамабди.

Чечен билан Рамзан ҳақида гаплашдик. У ҳақда мендан сўрама, ёқтирмайман дейди. Барака топсин, интернетидан роса фойдаланибмиз шекилли, лимити тугаб қолди. Унга Turk Telekom’дан фойдалан десам, уни сенга бера қолай (телефонимга келган кодни бераман), менинг рейсимга яқин қолди, сен эса ҳали шу ердасан деди. Қозоққа iPhone зарядкасини ташлаб кетди.

Бир оздан кейин хонага йиғлагудек бўлиб 4 та тожик йигитча кириб келди. Биринчи марта келган бўлсам, нега запрет қилади, дейди. Фалон пулга билет олган, ишлаб қарзларимни узмоқчи эдим, деб зорланади. Уларни ҳам паспорт назоратга етмасдан хавфсизлик ходимлари ушлаб, суҳбатлашиб, киришларига тақиқ қўйибди.

Уларни озроқ тинчлантирган бўлдим. Яхши ниятда 3—4 сўм топаман деб ният қилган беғубор болалар. Хонадошимиз хатлонлик тожик 3 кундан бери шу ерда экан. Кейинги рейсгача яна 4 кун туриши керак экан. Янги келган душанбелик йигитлар ҳам яна 4 кун шу ерда бўлади.

Ичкарида таҳорат, намозга шароит етарли. Бомдодни миграция идораси полислари хонасида ўқидим. Пешин, аср ва шомни «обшяг»да. Энг қизиғи туалетда ҳамма шароит бор. Қўл артишга қоғозларни ҳам тез-тез янгилаб туришади. Туалет ва ошхонани алоҳида аэропорт ходими тозалайди.

Қўриқчилар мен билан яхши муомала қилган бўлса-да, турғунларнинг айтишича, тил билмаганларга яхши муомала қилмас экан. Кўпчилик тақиқ сабаби нималигини билмайди. Хизматчилар ҳам буни биз қўймаганмиз деб аниқ жавоб бермайди. Ниҳоят, мени чақиришди. Ҳойнаҳой рейсга олгани. Хонадошлар билан хайрлашиб, ишларини Ўзи ўнглашини тиладим.

Паспортимни қўлимга беришмади. Тошкентга борганингда оласан дейишди. Полис мени учоққа қадар кузатиб қўйди. Учоқнинг энг охиридан жой қиберишди. Ҳаммадан кейин тушар эканман.

Истанбулга кира олмадим. Режаларим амалга ошмади. Лекин асло хафа эмасман. Раббимнинг менга тузган бошқа хайрли режалари бордир!, – дейди Давронбек Тожиалиев.

Маълумот учун, Давронбек Тожиалиев ўз фаолиятини 2001 йили сентябрь ойидан «Маърифат» газетасида мухбир бўлиб бошлаган. 2011 йили Нью-Йорк шаҳрида чоп этилган биринчи ўзбек газетаси — «Ватандош»нинг бош муҳаррири бўлган. ЎзНетдаги илк блогерлардан. 2004 йили «Ziyouz.com» порталига асос солган. Айни пайтда унинг бош муҳаррири ҳисобланади. Оилали, 1 ўғил ва 2 қизи бор.

zamin

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here

four + 20 =