120 минг АҚШ доллари миқдорида карзга ботган Ҳиндистонлик

0

120 минг АҚШ доллари миқдорида қарзга ботган ва бу муаммони ҳал қилишда ҳеч қандай йўл топа олмаган кашмирлик Сабзар Аҳмад Хон ўз буйрагини сотишдан бошқа йўли қолмаганини айтди. Аҳмад Хон Ҳиндистонда ўз тана аъзоларини сотиш борасидаги рекламалар ноқонуний эканини билсада, у душанба куни Шринагарда нашр этиладиган “Kashmir Reader” газетасида шундай реклама берди:

“Мен ўзимнинг буйрагимни сотмоқчиман, чунки мен бизнесдаги ҳамма нарсамни йўқотдим ва 90 лах (юз минг) тўлашим керак. Буйракка муҳтож бўлганлардан мен билан боғланишларини сўрайман ”.

Ушбу реклама эълон қилинганидан кейин бир сутка ичида 5 киши Аҳмад Хонга телефон қилди.

«Агар сиз қийин вазиятга дуч келсангиз, шундай реклама жойлаштиришга мажбур бўласиз», деди Аҳмад Хон сешанба куни у Arab Newsга берган интервьюсида.

Аҳмад Хон Жанубий Кашмирдаги Нуссу қишлоғида яшайди. У ўн йилдан бери пудратчи компнияни бошқариб келмоқда эди. Ҳиндистон ҳукумати ўтган йили Кашмирнинг қонуний мақомини бекор қилиб, бу ерни блоклаб қўйганди. Кашмирда шу сабаб юзага келган иқтисодий турғунлик Аҳмад Хоннинг ишларини ҳам орқага кетишига олиб келди.

«Шундан кейин мен молиявий муаммоларга дуч келдим ва бизнесда зарар кўрдим. Агар Кашмир бир йил давомида ёпилмаганида эди, мен бу иқтисодий тангликка дуч келмаган бўлардим. Мен бирон бир иш қилган бўлардим” дейди у.

Ҳиндистон конституциясининг 370 -моддасида Жамму ва Кашмир ҳудудлари ярим автоном жойлар экани белгиланганди. Аммо, ҳинд ҳукумати 2019 йилнинг 5 августида ушбу моддани бекор қилди ва мазкур ҳудудларга ўзининг армиясини киритди.

Шунингдек, ҳиндлар бу ҳудудлардаги аҳолининг барча демократик ҳуқуқларини ва сиёсий фаолиятини вақтинча тўхтатиб қўйди. Кашмирдаги сиёсий раҳбарлар ва фуқаролик жамияти фаолларининг кўпчилиги ҳибсга олинди, Интернет ва телефон тармоқларига кириш тўсиб қўйилди.

«Ҳар куни қарз берганлар менинг уйимга келиб, пул талаб қилади. Ҳукумат 370- моддани бекор қилганидан кейин мен зарар кўрдим. Энди ҳукумат бунинг учун товон пули тўлаши керак. Мен таниқли диний раҳбарлар ва ўқитувчилар билан учрашиб, ёрдам сўардим, аммо, ҳеч ким ёрдам бермади», дея қўшимча қилди Аҳмад Хон.

Хоннинг айтишича, буйрак сотиши ҳақидаги эълон газетада чиққанидан бир неча соат ўтгач, беш-олти киши у билан боғланди. Уларнинг баъзилари буйрак сотиб олмоқчи бўлганлар бўлса, бошқалари моддий ёрдам бермоқчи эканини айтишган.

“Мен беш-олти киши билан гаплашдим ва улар мен билан учрашиш учун келишади. Улар орасида буйрак сотиб олмоқчи бўлганлар ҳам, менга ёрдам беришни хоҳловчилар ҳам бор» дейди у.

Хон ўзининг қилмоқчи бўлган иши ноқонуний эканлигини билади.

«Мен буйракни сотмоқчи эканлигимга аминман. Агар бунга қонун тўсқинлик қилса, айнан ўша қонун мени қутқариши керак. Агар таъна аъзоларини сотиш ноқонуний бўлса, ҳукумат менга ёрдам бериши керак” дейди Аҳмад Хон.

15 декабрь куни Кашмирнинг ишбилармонлари Хонни қўллаб-қувватлаш учун митинг ўтказдилар.

«Бу ғайриоддий реклама барча ишбилармонларни ларзага келтирди, чунки бу оддий нарса эмас. Мен бутун фаолиятим давомида бундай ҳолатни ҳеч қачон кўрмаганман. Ҳукумат бундан хулоса қилиши керак. Айниқса, бир йилдан бери нафақат бир киши, балки барча ишбилармонлар қаттиқ сиқув остига олинган» дейди Кашмир Савдо-саноат палатаси президенти шайх Ашиқ Аҳмад.

Ҳиндистон ва Покистон 1947 йилда Буюк Британия мустамлакачилигидан қутулиб, мустақилликка эришишганди. Бу қўшни давлатларнинг иккаласи ҳам Кашмирни тўлалигича ўзиники эканини даъво қилади. Аммо, амалда Кашмир иккига бўлинган бўлиб, унинг бир қисмига Покистон, иккинчи қисмида Ҳиндистон эгалик қилади.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here

20 − 12 =