Тошкентда ичимлик суви ва канализация хизматлари нархининг ошишига изоҳ берилди

0
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Тошкент шаҳрида ичимлик суви ва канализация хизматлари нархининг оширилиши билан боғлиқ ҳужжат лойиҳаси турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Ушбу мавзуга бағишланган матбуот анжуманида «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ масъуллари Тошкент шаҳрида ичимлик суви ва канализация хизматларини оширишни тақозо этаётган сабабларга ойдинлик киритди.

“Тошкент шаҳрига ичимлик суви жами 7 та сув иншоотлари (5 таси Тошкент шаҳрида, 2 таси Тошкент вилоятида жойлашган) орқали мавсумга қараб суткасига 1 миллион 800 минг куб метрдан 2 миллион 300 минг куб метргача ичимлик суви етказиб берилмоқда. Шу билан бирга 3 та сув тозалаш иншоотлари орқали суткасига ўртача 1 миллион 500 минг куб метр оқова сув қабул қилиниб, тозаланади. Мазкур ишларга тизимдаги 4000 дан зиёд ишчи-ходим жалб қилинган.

Эътиборлиси, мана шу кўрсаткичларга шаҳардаги қарийб 73 фоизга яқин ичимлик суви тармоқлари, 63 фоиз оқова сув қувурлари маънан эскирган бир шароитда, бор иқтисодий имкониятлардан фойдаланилган ҳолда эришилмоқда.

Юқорида айтганимиздек, шаҳарда сув таъминоти инфраструктуранинг эскиргани аслида жуда кескин ҳолат. Кутилмаган йирик носозликлар келиб чиқиш хавфи юқори бўлиб, улар содир бўлганда аввало таъминотида узилишлар кузатилади. Бунинг оқибатларини эса тасаввур қилиш қийин эмас.

Шу боисдан ҳам корхонанинг ресурси шу каби ишларга йўналтирилмоқда. Мисол учун, жорий йилда барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 48,3 км. ичимлик ва 17,1 км. оқава сув тармоқларини жорий ва капитал таъмирлаш ишлари мўлжалланган эди. Ўз навбатида, “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ 4,6 млрд.сўм ўз маблағлари ҳисобидан 24,7 км ичимлик ва 1,4 км оқава сув тармоқларини капитал таъмирлаш ишларини олиб борди. Шунингдек, жами 1,45 млрд.сўмга 197 дона носоз ўт ўчириш мосламалари ҳамда 203 дона носоз ёпқичлар алмаштирилди, 680 дона ичимлик ва оқава сув қудуқлари капитал таъмирланиб, люк обоймалар ўрнатилди.

Ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштириш даражаси жорий йилда ўтган 1 (2-3) йилга нисбатан 45 % га камайди.

Шу билан бирга Тошкент шаҳрида етказиб берилаётган ичимлик суви ва канализация хизматлари истеъмолчиларнинг йирик қарздорлик ҳолати мавжуд. Маълумот учун, 2020 йилнинг 9 ойига аҳоли, бюджет ва тижорат ташкилотларининг қарздорлик ҳолати 184 млрд сўмни ташкил этмоқда. Жумладан, аҳоли бўйича қарздорлик охирги 2 йилга нисбатан 182.5% га ёки 82.7 млрд.сўмга ўсган, юридик ташкилотлар бўйича эса 284.4% га. Албатта, кўрсатилган хизматлар учун бу каби тўловларнинг ўз вақтида тўлиқ амалга оширилмаслиги мўлжалланган лойиҳалар ва таъмирлаш ишларини молиялаштирилмай қолаётганлигини изоҳлайди.

Шунингдек, сув ишлаб чиқариш таннархи ҳам амалдаги нарх билан мутаносиб эмас. Масалан, бугунги кунда корхона томонидан 1 куб сув ишлаб чиқариш учун 372 сўм сарфланмоқда. Кўриниб турибдики, таннархнинг ўзи аҳоли учун ҳисобланган 1 куб ичимлик суви нархидан (310 сўм) 62 сўмга қиммат.

Шу каби омиллар сабаб Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ 2019 йилда 58,8 млрд.сўм, ҳамда 2020 йил 8 ойлигида 21,3 млрд.сўм зарар кўрди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 сентябрдаги «Ичимлик сув таъминоти ва оқава сув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6074-сонли Фармонида монополияга қарши курашиш ва нархларни (тарифларни) тартибга солиш органлари хулосалари олиниб, халқ депутатлари Кенгашлари қарорлари билан маъқулланганидан сўнг тарифлар тасдиқланиши белгиланган.

Шунга мувофиқ, тизим ва тармоқларнинг эскирганлиги туфайли сув таъминотида узилишларни олдини олиш, ичимлик суви ва канализация хизматларининг сифатини ошириш бўйича 2021 йилга режалаштирилган тадбирларни инобатга олган ҳолда янги тарифлар бўйича таклифлар тайёрланди.

Таклиф этилаётган тарифларда қуйидаги нархлар белгиланмоқда.

1 метр куб (1000 литр) ичимлик суви учун тарифлар:
– аҳоли, бюджет ва улгуржи истеъмолчилар учун (қўшимча қиймат солиғисиз) 500 сўм (амалдаги нарх 310 сўм);
– тижорат ташкилотлари учун 1500 сўм (амалдаги нарх 730 сўм).

Канализация хизматлари учун тарифлар:
– аҳоли, бюджет ва улгуржи истеъмолчилар учун (қўшимча қиймат солиғисиз) 350 сўм (амалдаги нарх 250 сўм);
– тижорат ташкилотлари учун 820 сўм (амалдаги нарх 460 сўм).

Натижада, таклиф этилаётган нарх (тариф)лар эвазига 2021 йилда мақсадли режалар қўйилган:
Насос станциялардаги сув узатиш тизимини автоматлаштириш (СCАДА) ҳисобига ва эскирган насосларни янги замонавий энерготежамкор насосларга алмаштириш ва сув қувурларидаги сув босимларини доимий назоратга олиш ҳисобига тармоқлардаги авариялар сонини 25-30% га қисқартириш. Бунинг натижасида сув ишлаб чиқариш ҳажмини 17,6 млн.м3 га камайтириш (768,4 млн.м3 дан 750,8 млн.м3 гача). Бу ўз навбатида йилига 6 млн.квт электр энергиясини иқтисод қилиш имконини беради.

Тармоқлардаги аварияларни вақтида бартараф қилиш ҳисобига, ҳамда ҳозирда эскирган ичимлик суви ва канализация қувурларини жорий ва капитал таъмирлаш ҳисобига сув йўқотишлари 2,5 %га камаяди (26,5% дан 24,0%гача). Бунинг натижасида истеъмолчиларга етказиб берилган сув ҳажми амалдаги 511,7 млн.м3 дан 530,0 млн.м3 (18,3 млн.м3)га оширилиши кутилмоқда.

Жамиятнинг бугунги кундаги халқаро молия институтлари олдидаги қарзларини ўз вақтида қайтаришни имконини беради. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 16 декабрдаги “Ислом тараққиёт банки иштирокида «Тошкент шаҳри канализация тизимини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар” тўғрисидаги ПҚ-1443 сон қарорига мувофиқ Ислом тараққиёт банкидан 33,9 млн.АҚШ доллари кредит маблағлари жалб қилинган бўлиб, бугунги кунга қадар 8,7 млн. АҚШ доллари қайтарилган, 24 млн.АҚШ доллари қолган. Тўлов графигига асосан йилига икки траншда жами 3,0 млн.АҚШ доллари қайтариш белгиланган.

Шу ўринда аниқлик киритиш керакки, бошқа коммунал хизматлар нархи барча ҳудудлар учун бир хил миқдорда, ичимлик суви эса ўша ҳудуднинг сув етказиб беришдаги географик жойлашуви, унга кетадиган сарф-харажатлардан келиб чиқиб белгиланади.

Юртимиз бўйлаб қиёслаганда эса Тошкент шаҳри сув нархи энг арзон бўлган ҳудудлардан ҳисобланади – яъни, пойтахтдаги истеъмолчи марказлашган ичимлик сувининг 1 литрини амалдаги 31 тийин ўрнига 50 тийиндан олиши кутилмоқда.

Таққослаш учун: қадоқланган 1 литр сув нархи савдо шахобчаларида 2000 сўм атрофида.

Таҳлилларга кўра, Тошкент шаҳрида ҳисоблагич ўрнатилган 5 кишилик хонадон бир ойда якка тартибдаги уйларда ўртача 24 куб метр (24 минг литр) ва кўп қаватли уйларда ўртача 20 куб метр (20 минг литр ) сувдан фойдаланади. Бу янги тариф бўйича ичимлик суви ва канализация хизматлари учун ўртача 18-22 минг сўм сарфланади дегани. Ҳисоблагич ўрнатилмаган хонадонларда эса норма бўйича ҳисоблаганда бу кўрсаткич 63-67 минг сўмни ташкил қилади”, дейилади хабарда

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here

three × 5 =