Тошкентдаги коронавирусга қарши вакциналар синовида ҳозирча ножўя таъсир аниқланмади

0

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Тошкент шаҳрида жойлашган учта поликлиникада кўнгиллиларда коронавирусга қарши вакциналар синови ўтказилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда вазир «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтган.

«Тошкент шаҳридаги учта поликлиникада кўнгиллиларда коронавирусга қарши вакциналар синовини бошлаб юбордик. Тиббий кўрикдан ўтказиш жараёни — бу энг кўп вақт оладиган жараён ҳисобланади, у оммавий эмлаш жараёни эмас. Бу илмий-тадқиқот жараёнидир.

Учинчи синовларнинг бошида вазирлигимиз раҳбарияти, шахсан ўзим ҳам бир ой олдин вакцина билан эмландик. Бир ой ичида ўзимизда бирорта ножўя таъсирларни сезганимиз йўқ. Дастлабки натижалар антитаналар ҳосил бўлаётганини кўрсатмоқда.

Ушбу вакцина генлар инженерлиги йўли билан яратилган, рекомбинант оқсилга асосланган вакцинадир. Бунда оқсилнинг кичкина бўлаги клонлаштирилиб, бунда вирус структурасидаги бошқа бирорта компонент инсон организмига яқинлашмайди. Кўнгилли сифатида иштирок этаётган халқимизга катта раҳмат айтамиз, бу жараённи самарали якунлаймиз деган умиддаман», — дейди инновацион ривожланиш вазири.

Аввалроқ Иброҳим Абдураҳмонов бир неча кўнгиллилар, шу жумладан, ўз оила аъзолари ҳам икки ҳафта олдин Хитой рекомбинант вакцинасини олгани, 14 кундан бери бирорта ножўя таъсири кузатилмаганини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, декабрь ойи бошларида Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш ва мамлакат ҳудудида вакциналар ишлаб чиқариш саноатини ишга тушириш учун зарур бўлган коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасининг 100 та дозасини шахсан ўзи Тошкентга олиб келган эди.

Ноябрь охирида эса соғлиқни сақлаш вазири 2020 йил охири ёки 2021 йил бошларида Ўзбекистон «Спутник V» вакцинасининг клиник синовларига киришишни мўлжаллаётганини маълум қилганди. Ўзбекистонда 2021 йилнинг июнига қадар 60 фоизгача аҳолини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилган

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here