Совуқ уруш даврида СССРга жосуслик қилган Жорж Блейк 98 ёшида вафот этди. Путин ҳам ҳамдардлик билдирди

0

Россия ОАВларининг 26 декабрь куни берган хабарларига кўра, Совуқ уруш даврида Совет Иттифоқи фойдасига жосуслик қилиб келган Жорж Блейк 98 ёшида вафот этди.

«Афсонавий разведка ходими Жорж Блейк бугун вафот этди. У бизнинг мамлакатимизни чин дилдан севарди ва Иккинчи Жаҳон уруши пайтида халқимизнинг ютуқларидан хурсанд бўлган” деди Россиянинг ташқи разведка хизмати вакили Сергей Иванов ТАСС давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида.

Ўзи ҳам бир пайтлар КГБнинг жосуси бўлган Россия президенти Владимир Путин шанба куни Блейкнинг оиласи ва дўстларига чуқур ҳамдардлик билдирди.

«Бу афсонавий шахснинг хотираси қалбимизда абадий сақланиб қолади» деб ёзди Путин ўзининг тазия хатида.

Шунингдек, Россия раҳбари ўз хатида Блейкнинг «сайёрамизда стратегик тенгликни таъминлаш ва тинчликни сақлашга беқиёс ҳисса қўшганини» алоҳида таъкидлаган.

Жорж Блейк 1922 йилнинг 11 ноябрида Голландияда дунёга келган. У Голландиядаги герман нацистларига қарши курашган мухолифатда курьер бўлиб иш бошлаган. Блейк 1943 йилнинг январида Британияга қочиб келади. У шундан кейин британ армиясига киради ва 1944 йилда Британиянинг MI6 номли махфий разведка хизматида иш бошлайди.

Урушдан кейин Блейк Германиянинг Гамбург шаҳрида қисқа муддат хизмат қилди. У Кембриж университетида рус тилини ўрганади ва 1948 йилда Сеулга юборилади. У Сеулда Коммунистик Шимолий Корея, Коммунистик Хитой ва Совет Иттифоқининг Узоқ Шарқи ҳақидаги маълумотларни Британияга етказиб турган.

1950 йилда Шимолий Корея қўшинлари Сеулни эгаллаб олди ва Блейк асирга олиниб, қамоққа ташланди. Блейк Шимолий Кореядаги қамоқхонада бўлган даврида Карл Маркснинг асарларини ўқиган ва айнан шу даврда содиқ коммунистга айланган.

1953 йилда озод қилинганидан кейин Блейк Британияга қайтиб келди ва 1955 йилда MI6 томонидан Берлинга жўнатилди. Шу даврдан бошлаб Бкейк икки тарафлама жосусга айланди, яъни у ҳам Британия, ҳам Совет разведкасига маълумот бериб боради. У Берлинда Совет жосуслари тўғрисида маълумот тўплади, шунингдек, Буюк Британия ва АҚШ операциялари тўғрисида Москвага сирли маълумотларни етказди.

1961 йилда Блейкнинг икки томонлама жосуслик қилаётгани аниқланди ва у Англияда 42 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Беш йил ўтгач, у қамоқдан учта шериги ёрдамида қочиб кетади. Шундан сўнг Блейк Шарқий Германияга ноқонуний олиб ўтилган ва у ердан Совет Иттифоқига қочиб келган.

Блейк Москвада қаҳрамонлардек кутиб олинди ва Россия разведка хизмати томонидан полковник унвонига сазовор кўрилди. Совет Иттифоқи парчалангач Блейк умрининг охиригача Москвада яшади. Россияда Георгий Иванович номи билан танилган Блейк 2007 йилда Путин томонидан медаль билан тақдирланган. У Совуқ уруш даврида Совет Иттифоқига хизмат қилган британиялик сўнгги жосуслардан бири эди.

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here

twenty + six =