LeBazar асосчиси ва Khan Academy Uzbek раҳбари Ботир Орифжонов Президентдан ёрдам сўраб, мурожаат йўллади

0

LeBazar асосчиси, Paynet яратувчиси ва Khan Academy Uzbek раҳбари Ботир Oрифжoнов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга иккита лойиҳани амалга оширишда ёрдам сўраб, мурожаат билан чиқди. Тадбиркор давлат раҳбарининг 25 декабрь куни Ёшлар форумидаги чиқишидан сўнг мазкур мурожаатини йўллашга қарор қилганини таъкидлаган.

У бундан икки йил аввал мактабларда таълим жараёнида дарслик ва ўқитувчилар етишмовчилиги каби муаммолар ечимига қаратилган лойиҳани ҳамкорлари билан бошлашга қарор қилганини эсга олади.

Улар Khan Academy жаҳонга машҳур таълим платформасини ўзбек тилига таржима қилишни ва Ўзбекистонда барча ўқув дастурларига бепул кириш имкониятини яратишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган. Ботир Орифжоновнинг сўзларига кўра, бугунги кунга келиб, бир қатор ҳомийлар, жумладан, Европа тараққиёт банки ва халқаро ҳомийлик ташкилотлари кўмагида 300 минг АҚШ долларидан зиёд маблағ тўпланган ва ушбу хайрия лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда.

Бугунги кунга келиб, лойиҳанинг 75 фоизи деярли битиб қолди. Пандемия даврида лойиҳамизнинг кетиши бироз секинлашганига қарамасдан, Khan Academy платформасида ўзбек тили 29-тил бўлиб қўшилди ва Khan Academy платформасининг бутун жараёнида ўзбек тили энг тез таржима қилинган тил сифатида рекордни қайд этди.

У шу қаторда платформа якунланиш босқичида турибди, лекин шунга қарамасдан, математика, қисман физика ва биология фанлари онлайн тарзда чиқарилганини қўшимча қилган. Йил бошидан бери 200 мингдан ортиқ ёшлар платформадан фойдаланган. Ойлик ўртача ўсиш 10-15 минг янги фойдаланувчини ташкил этган.

Ботир Oрифжoнов платформани ўзбек тилига таржима қилган билан муаммолар тугамаслиги, инфраструктурага оид янги тўсиқлар пайдо бўлишига тўхталган. Мисол тариқасида у мактабларга етказиб бориш ва платформадан фойдаланиш чоғида ёшлардан жаҳон тармоғига уланганлик учун пул олинмаслигини қайд этди.

«Афсуски, биз ўзимизни хайрия жамғармамиз миқёсида бу муаммони ҳал қилиш имкониятимиз йўқ. Шу сабабдан сизга, айнан шу ёшларга сиз қўяётган масалалар бўйича жуда асқотишини инобатга олган ҳолда, ёрдам берсангиз, деган мурожаат билан чиқмоқдаман», — дея таъкидлади мурожаат муаллифи. У, шунингдек, Президентдан лойиҳани интернет ва ОАВ орқали оммалаштиришда ҳам кўмак сўраган.

Давлат раҳбарининг қўллаб-қувватлаши зарур бўлган иккинчи лойиҳа Ўзбекистонда IT-мактабни ташкил этиш ҳисобланади. Ботир Орифжонов 4 йил аввал Ўзбекистонга қайтганида IT соҳасида мутахассислар етишмовчилиги билан ўзи ҳам тўқнаш келгани ҳақида гапирган. У мутахассисларнинг етишмовчилиги муайян қийинчиликларни келтириб чиқарганини эсга олиб, натижада қисман ўз лойиҳаларини Беларусь ва бошқа мамлакатларга аутсорсинг қилишга мажбур бўлганини айтган.

Унинг сўзларига кўра, мазкур муаммоларни ҳал этиш учун ҳамкорлар билан биргаликда тегишли таълим лойиҳасини ишлаб чиқишга қарор қилишган. Улар Кремний водийсидаги (Сан-Франциско) School42 америка лойиҳаси билан алоқа ўрнатишган ва экслюзив ҳамкорлик шартномасини имзолаган. Тадбиркор ушбу мактабнинг ўзига хос хусусияти сифатида ўқув жараёнининг сунъий ақл ёрдамида ташкил этилишини қайд этган.

Бир йил давомида мана шу лойиҳани тайёрлаб келмоқдамиз. Бунинг учун жой қидираяпмиз. Бу лойиҳанинг ўзига хос жиҳати шундаки, бир вақтнинг ўзида минга яқин кишининг бир жойнинг ўзида ўқиши шарт ва уларга 3 минг квадрат метрлик open space кўринишида жой талаб қилинади. Биз бундан ташқари, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 1 млн доллар сармояни инвесторлар билан киритаяпмиз. Афсус, бу сармоянинг асосий қисми техникалар, компьютерлаштириш, дастурлар ва бошқа тайёргарлик масалаларига етади. Лекин бинони қуриш ёки сотиб олиш учун харажатларга қўшадиган бўлсак, ёшларга IT соҳасини ўқитиш жуда қимматга тушиб кетиб қолади.

У IT соҳасидаги фаолияти билан боғлиқ ваколатли тузилмаларга бўш турган давлат биноларини узоқ муддатли ижарага олиш масаласида мурожаат қилганини таъкидлаган.

Бир йилдан бери ҳаракат қилаяпмиз, ҳалигача бирор натижага эришишнинг имконияти бўлгани йўқ. Шунинг учун бизга ўхшаган тадбиркорларга IT соҳасида ўқитиш бўйича йўлга қўяётган лойиҳамизнинг бошланғич этапида қисман бир туртки берилса, буёғига бутун республика бўйича амалга оширишга қурбимиз етади.

Унинг ҳисоб-китобларига кўра, 18 ойдан ўтгандан кейин мактабни ойига ўртага 500 доллардан пул топа оладиган 700—1000 нафар юқори тоифали дастурчилар тамомлайди. Бу дегани битирувчилар икки йилдан сўнг Ўзбекистонга 5 миллион доллар чет эл валютасини олиб келишини англатади.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here

two × three =