«Чархпалак»даги Ҳасан — Баҳодир Муродов нега киноларда кўринмай қолди? У ҳозир қаерда?

0

Актёр Баҳодир Муродов «Чархпалак» сериалидаги Ҳасан образи билан телетомошабинлар эътиборига тушган. Журналист Наргиза Муродова актёр билан суҳбат уюштирди.

«Театрдан кетишга мажбур бўлдим!»

— 1986 йили Тошкент давлат санъат институтини актёрлик йўналиши бўйича имтиёзли диплом билан тамомлаганман. Курс сардори бўлганим учун институтни тамомлашга қадар тўртта диплом спектаклини саҳналаштиргандим. Шу боис, курсимиз талаба ва устозлар орасида ўз ҳурматига эга эди. Ўша йили Сатира номидаги давлат театри очилди ва курсимизнинг барча талабалари у ерда иш фаолиятини бошлади. Устоз санъаткорлар билан бирга спектаклларда рол ижро этиш бахтига мушарраф бўлганмиз. Аммо бир неча йилдан кейин театрдан бутунлай кетишга ва ҳаётимга янги саҳифа очишга қарор қилганман.

Уй ҳақидаги ёлғон ваъдалар…

— Мен Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида туғилганман. Шунинг учун анча йил ижара уйда яшашимга тўғри келган. Энг ёмони, фарзандларим ҳам каталакдек ижара уйда улғаяётгани мени ранжитарди. Театр раҳбарияти бир неча йил ишлаган ижодкорлар учун ажратиладиган уйлардан бири менга берилишини айтганди. Афсуски, бу ваъдалар оғизда қолиб кетди. Шуга театрдан кетиб, телевидениеда ишлашга қарор қилдим. Актёрликда омадим кулмагач, телевидениега ишга кирдим. Ишлаш билан бирга устозларим Тоҳир Жўраев ва Уста Бобоевлар тавсиясига кўра, режиссёрлик курсида таҳсил олганман. Шу билан ҳаётим телевидение билан боғланиб кетди.

Нега актёрликни давом эттирмади?

—  «Чархпалак» сериалида режиссёр таклифига кўра суратга тушганман. Ҳасан ролини ижро этганимдан афсусланмайман. Бу рол сабаб, озми-кўпми одамлар эътиборига тушдим. Ростини айтсам, сериалдан кейин ролга таклифлар бўлмади, берилган роллардан эса кўнглим тўлмади. Балки омад ҳам кулмагандир. Тан оламан, талабалик йилларимда орзу-умидларим катта эди, уларга эришиш учун ҳаракат қилдим, аммо нимадир етишмади.

Эслатиб ўтамиз, Шароф Бошбеков сценарийси асосида «Чархпалак» сериали 1997—2000 йиллар оралиғида суратга олинган. Сериал режиссёри Шавкат Жунайдуллаев.

Daryo.uz

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here