Келин ва қиз

0

​​Не-не эшикларнинг остонасини супура-супура, ахийри уйига келин туширди. Онаизор энди хурсанд: бемалол елпиғини айлантириб, келинининг ишларини кузатади. Ўғлига ҳам онасининг танлови маъқул тушди –аёлини суйди. Аммо…

Келини хамир қорса, юмшоқ бўлиб қолади; тандирга ўт қаласа, нони пишмайди. Нима қилсаям, туманнинг марказидан келин бўлган, қишлоқ ишларига уқуви йўқроқ. Бу хонадон аччиқ чой ичади, келин дамлаган чойда шама кўринмайди. Нима қилсин, келин тушмагур ота уйининг тутимига ўрганган, янги муҳит унга бегона…

Йўқ, қайнонага бу ёқмади. Ўз рўзғорининг икир-чикирларини ўргатиш хаёлига келмай, келинни чимчилаб олди: “Боринг, онангиздан ўрганиб келинг чой дамлашни”, “Чучварангиз бунча йирик, боринг, онангиздан ўрганинг!” Шўрлик келин бир йил уйига қатнай-қатнай, ниҳоят туппа-тузук уй бекасига айланди. Энди қайнона эпсиз келинидан қўшниларга нолимайдиган бўлди.

Йил ўтиб ўзи ҳам коллежни эндигина тамомлаган яккаю ёлғиз қизини узатди. Оҳ, қизгинаси келинойиси борлиги учун овқат қилишни ҳам тузукроқ эплолмасди. Онанинг дили халак: тушган жойида тошдек қотсинда. Тўй куни қудасига шипшиди: “Айланай, энди ўз тутимингизга мослаб оларсиз. Ёмонини яшириб, яхшисини ошириб, рўзғор ишларида йўл кўрсатиб турарсизда…”

Тўйдан бир ҳафта ўтиб, қизи бечора ота уйига йиғлаб келди. Келин ва қайнона югуриб унга пешвоз чиқишди. Қиз ҳиқиллай-ҳиқиллай гап бошлади:

—Биринчи қилган ошим шавла бўлиб қолди… Ойим уйингиздан ўрганиб келинг, деб жўнатди.

Она лабини тишлади. Келин нари кетди…

@Ayolning_41_olami

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here