ИНСОНИЯТ

0

​​Одамзот нима учун кафтдек ҳовлисига гул экади? Ундан кўра шолғом экса, қозонига тушади-ку…

Одамзот нима учун булбул чах-чахини эшитганда энтикиб кетади? Ундан кўра булбулни шўрвага солиб пиширса, нафсини қондиради-ку…

Одамзот нима учун осмонда чарақлаб ётган юлдузларни кўриб, кўнгли завққа тўлади? Юлдузлар унинг ҳамёнидаги тиллалар эмас-ку…

Одамзот нима учун китоб ўқиётиб, суюкли қаҳрамони ўлиб қолса йиғлайди? Уни ёзувчи «ичидан тўқиб чиқаргани»ни билади-ку…

Одамзот нима учун ўзга юртларга бориб беҳисоб мол-дунё орттирса-ю, тўсатдан болалиги кечган кулбаси тушига кириб қолса, туни билан йиғлаб чиқади…Ахир у шоҳона қасрда яшайди-ку!

Одамзот нима учун боласининг бошида алла айтади? Гўдак алла эшитмаса ухламайдими?

Одамзот нима учун неварасини етаклаб неча замон аввал ўтиб кетган бобосининг қабрини зиёрат қилади? Марҳум уларни кўрмайди-ку…

Гап шундаки, Одамзотни ҳайвонотдан ажратиб турадиган чегара бор. Бу чегаранинг номи — “ИНСОНИЯТ”.

Ўткир Ҳошимов

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here