НИҚОБ!

0

Анчадан бери бир ниқобда юргани учун нафаси бўғилди. Жиддийликдан, такаббурликдан зерикди. Юзига оддийлик ниқобини кийди-да, кўчага чиқди. Ёнгинасидаги кўп қаватли уйда кимдир ўлган шекилли, тумонат одам дўппи кийиб белини боғлаб турибди. У анчадан бери тақмагани ғамгинлик ниқобини олди. Юрди. Кейинги уйда тўй бўлаётганди. Яна бошқа ниқоб тақишига тўғри келди.

У йиллар давомида ниқобланаверганидан самимий табассум, меҳрли боқишларни унутган, бошлиқ олдида яхши ишчи, аёллар олдида яхши эркак, оиласи олдида эса, бирор машҳур ота ниқобини кийиб оларди. У йўл-йўлакай жуда кўп одамларни учратиб борди. Уларнинг барида ниқобнинг миллион турини кўрди. Баттар нафаси қайтди. Ҳафсаласи пир бўлиб уйга кетмоқчи бўлди. Шундоқ уй ёнида бир болакай чопиб келиб қўлини узатди. У турган жойида қотиб қолди. Боланинг юзида у тақаётган ниқоблари, умуман олганда эса, бирор ниқобни учратиш қийин эди…

У боланинг олдида, ўзи ҳаётида учраган воқеа ва кайфиятлардан пайдо бўлган ниқобларни бирин кетин тақа бошлади… Бола эса тез орада ҳеч балони тушунмас ва унга негадир ғамгин ҳолда қараб турарди… Барча ниқоблари қолмаган инсон болага сўнгги ниқоби, деярли ишлатилмаган, ўзи ёшлигида ишлатгани, ҳақиқий ниқобни кийди… Умуман, ниқобсиз ҳам юрса бўладиган ҳолда, барибир, у ўша сўнгги ниқобини кийди… Бола эса унга жилмайди…

Ташқаридан қаралса, икки бир хил кўринишдаги инсон, бири ниқобсиз, бири эса ҳақиқий кўринишда турарди…

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here