Ўзбекистонда “Спутник V” вакцинасини рўйхатдан ўтказиш ишлари бошланди

0

Сўнгги вақтда жаҳонда коронавирус инфекциясининг янги штамми тарқалиши муносабати билан аҳолини эмлаш бўйича чора-тадбирлар сезиларли даражада жадаллашди. Хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Исроил, БАА, Хитойда аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ишлари кенг кўламда амалга оширилмоқда.

Шу муносабат билан Республика махсус комиссиясининг йиғилишида мамлакатда барқарор эпидемиологик вазиятни сақлаб қолиш мақсадида коронавирус инфекциясига қарши эмлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиевнинг Ўзбекистон делегациясининг Россия Федерациясининг “Спутник V” коронавирус вакцинасини ўрганиш юзасидан ушбу мамлакатга ташрифи натижалари бўйича ҳисоботи эшитилди.

Унда “Спутник V” вакцинаси учинчи босқич клиник синовлари якунига етказилганлиги ҳамда Россия Федерациясида рўйхатдан ўтказилганлиги, шунингдек, ушбу вакцинани Ўзбекистонда сертификатлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича таклифлар келиб тушганлиги таъкидланди.

Россия Федерацияси томонидан тақдим этилган учинчи босқич клиник синовлари натижалари таҳлили муҳокама қилинди ва бирламчи босқичда сертификатлаштириш ҳамда рўйхатдан ўтказиш жараёнини бошлаш мумкинлиги маъқулланди.

Шу билан бирга Инновацион ривожланиш ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўзбекистонда Хитойнинг “Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.,Ltd” компанияси томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши “ZN2001” вакцинасининг Ўзбекистонда 2020 йил декабрь ойидан бошлаб 7 мингдан ортиқ кўнгиллиларда ўтказилаётган учинчи босқич клиник синовлари, шу жумладан, ҳозирги кунга қадар бирорта вакцина қабул қилган кўнгиллида унинг ножўя таъсири кузатилмаганлиги бўйича ахбороти тингланди.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here