Тезкор! Яна бир талаба вафот этди

0

Юридик университет талабаси қурилиш объектида вафот этди. У шу ерда яшаб ишлаган.

Тошкент давлат юридик университетининг 3-босқич талабаси Баҳодир Бозоров ўзи ҳам ишлаб, ҳам яшаётган, қурилиши тугалланмаган бино ҳудудида йиқилиб, вафот этди. Бу ҳақда воқеадан бевосита хабардор манба Kun.uz’га хабар берди.

«Бозоров Баҳодир Хўшбоқ ўғли 1994 йилда туғилган эди, кеча уни ерга қўйишди.

У бир неча йил қийналиб, талаба бўлган эди. Тошкент давлат юридик университетининг 3-босқичида ўқирди. Талабалигининг уч йилидан эҳтимол бир куни ҳам енгил ўтмаган бу йигит умрининг сўнгги ойларини Бектемир тумани ҳокимиятига яқин жойдаги қурилиш объектида ҳам яшаб, ҳам ишлаб ўтказибди.

Кундузи қулоқчин тақиб, онлайн дарсларда қатнашибди, феврал ойидан ярим кун дарсга бориб, ярим кун ишлабди, кечалари қурилиши тугамаган бинода уста йигитлар билан яшабди, дарс қилибди. Шанба куни тунда (2021 йил 27 феврал) лифт учун бетондан тайёрланган, ҳимояланмаган шахтага 2-қаватдан йиқилибди. Тез ёрдам келавермагач, яқинлари кўчадан патрул машинасини тўхтатиб, ёрдам сўрашибди. Шошилинч ёрдам бўлимида унинг вафот этганини айтишибди.

Якшанба куни тонг саҳар шу ҳақда менга марҳумнинг акаси телефон орқали хабар берди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиалига етиб бордик. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгач, марҳумнинг танаси Тошкент шаҳар суд-тиббий экспертизада текширилди.

Бизга маълум қилинишича, марҳум бўйин умуртқасининг синиши, жигар ёрилиши оқибатида вафот этган», деди манба.

Унинг қўшимча қилишича, куннинг иккинчи ярмида марҳум йўловчи машинада акаси ва амакиси билан бирга Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманига, туғилиб ўсган уйига кузатилган.

«Мамлакат, олий таълим тизими, университет ҳар қандай қийинчиликларга дош бериб, ҳеч кимдан ҳеч нарса кутмай, тошдек ирода билан ўзини билинтирмай юрган тоза юракли жавоҳир бир йигитдан айрилди.

Баҳодир, бизга, давлатга, жамиятга, олий таълим тизимига, университетга, қурилиш объекти эгасига қолдириб кетган саволларга қандай жавоб берилади энди?..», дея суҳбатни якунлади манба.

Kun.uz га Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий экспертизаси Тошкент шаҳар филиалидан олинган ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома нусхаси келиб тушди.

Унда Баҳодир Бозоровнинг бўйин, қорин қўшма тўмтоқ жароҳатлари бўйича тўртинчи умуртқа синиши, орқа мияга қон қуйилиши, шунингдек, жигарининг ёрилиб кетиши ва ўткир қон кетиши оқибатида вафот этгани маълум қилинган.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here