Озодбек Назарбеков Президент спичрайтерининг китобига тақриз ёзди

0

Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков Ўзбекистон Президентининг спичрайтери Хайриддин Султоновнинг китобига тақриз ёзди. Тақриз матни ЎзАда келтирилди. Уни қуйида тўлиқ ўқишингиз мумкин.

 

 

 

Фото: ЎзА

 

Донолар «Яхши китоб — кўнгил хазинаси», деб бежиз айтмаган.

 

Атоқли ёзувчи Хайриддин Султоннинг «Одамлардан тинглаб ҳикоя» тўпламини мутолаа қилар эканмиз, у маънавий мулкимиз, бир умрлик ҳамроҳимиз, дўстимиз, дарддошимизга айланиб қолганини юракдан ҳис этамиз.

 

Хўш, ушбу китобни кўнглимизга яқин қилган, ўқишлилиги, муваффақиятини белгилаб берган жиҳатлар нималардан иборат? Аввало, муаллиф ҳассос шоир Ҳамид Олимжоннинг бизни болаликнинг сирли, сеҳрли оламига етакловчи, ҳар биримизнинг қалбимизда илиқ ва қадрдон хотираларни уйғотувчи гўзал сатрини китобга ном сифатида танлаб олган.

 

«Одамлардан тинглаб ҳикоя». Биргина ушбу мисранинг ўзи бизни одамлар, узоқ йиллардан буён ширин дийдорига талпиниб яшаётганимиз — бобо-ю бувиларимиз, ота-онамиз, дўсту яқинларимиз ҳақида ўйлашга ундайди. Улар билан кечган дилбар суҳбатлар, қизиқдан қизиқ ҳангомалар, воқеа-ҳодисаларни ёдга солади. Шу орқали уларнинг ёрқин қиёфаси кўз олдимизда яна бир бор жонланади.

 

Хайриддин Султоннинг ушбу китобини ўқиш асносида ҳам ана шундай соғинчли ҳислар оламига тушиб қоламиз. Чунки тўпламга киритилган ҳаётномаларни муаллиф тўқиб чиқарган эмас, у фақат дўсту яқинларидан, замондошларидан эшитган воқеа-ҳодисаларни, эсдаликларни, кечинмаларни қоғозга туширган, холос.

 

Улуғ адиб Абдулла Қаҳҳор «Қуёш, ҳаво, ер, сув барча жонивор ва кўкатларга озуқа берганидек, халқ ҳаёти ёзувчига илҳом беради. Ёзувчи қанчалик истеъдодли, унинг қалам тутган қўли қанчалик тажрибали бўлса, халқ ундан шунчалик чуқурроқ миннатдор бўлади, унинг ижодини, умуман, адабиётни шунчалик чуқурроқ ҳурмат қилади», деб ёзганида нақадар ҳақ эди.

 

Хайриддин Султон ҳам китобга кирган ҳикояларни халқдан олиб, ўз тафаккур призмасидан ўтказиб, гўзал шакл ва услубда яна халққа тортиқ қилган. Ҳикояларни айтиб берганлар орасида таниқли олимлар, зиёлилар, шифокорлар, ижодкорлар, давлат хизматчилари, вазирлардан тортиб оддий қишлоқ аёли — 75 ёшли кекса онахон ҳам бор. Бу инсонлар ўзлари, дўсту ошнолари, яқинларининг бошдан кечирганлари, гоҳ аччиқ, гоҳ ширин хотираларини ҳикоя қилар экан, уларнинг қувонч ва қайғулари, орзу-армонлари, дарду ҳасратлари сизга ҳам бегона эмаслигини англайсиз. Чунки уларнинг аксарияти биз билан замондош, ҳатто қисматдош ҳам.

 

Бу қаҳрамонларнинг аксариятини кўпчилик танийди. Улар айтиб берган ҳикояларни балки улар ҳам тинглаган чиқар. Бироқ бу айтимларни бадиий асарга айлантириш, уларнинг ибратли жиҳатларини англаб, дилга яқин бир услубда қоғозга тушириш осон иш эмас. Ҳамма ҳам бу ҳақда бош қотирмайди ва барчанинг ҳам қўлидан бундай иш келмайди. Бунинг учун ижодкордан юксак истеъдод, маҳорат, қунт ва меҳнат талаб қилинади. Ёзувчининг «одамлардан ҳикоя тинглаш» усули асарлар тилининг соддалиги, мазмунан халқчиллигини таъминлаган. Масалан, Тошкент шаҳрининг собиқ бош имом-хатиби, марҳум Анвар қори Турсунов айтиб берган ҳикоя орқали бу маърифатпарвар инсоннинг ҳикматларга бой суҳбатлари, соф ва самимий ҳазил-мутойибалари ёдга тушади.

 

«Омад» сарлавҳали ушбу ҳикояда ҳар бир инсонга, ким бўлишидан, қайси лавозимда ишлашидан қатъи назар, унга Яратган томонидан ато этилган толе зарур эканлигини англаймиз. Ҳикоя қаҳрамони Ботирбек — узоқ йиллар ишсизлик жабрини чекиб, моддий етишмовчиликлар гирдобига тушиб қолган йигит ниҳоят қори акамиз кўмаги билан ўз яшаб турган қишлоқ қабристонига гўрковликка тайинланади. Бироқ бир йил ўтиб, ушбу ҳудудга борган Анвар қорига яна ўша йигит рўбарў бўлади ва яна иш топиб беришини илтимос қилади. Сабаб… сабаб эса жуда оддий, ҳатто бироз кулгили, қувончли ҳам. Яъни бир йилдан буён ушбу қишлоқда одам ўлмаган.

 

«Энди… бу синоатни қаранг — катта қабристон бор, гўрков бор, кетмон, белкурагу гувала — ҳамма нарса бор, имом-хатиб рози, одамлар рози, фақат… фақат ўлик йўқ, холос! Яъни Ботирбекда куч-қувват бор, ақл-идроки жойида, ғайрати жўш уриб ётибди, фақат толе пастлик қилиб, омад келмай турибди-да, омад! Шунинг учун, азизлар, Аллоҳ таолодан сўраганимизда омад ҳам сўраш керак экан…», дея ҳикоясини якунлайди Анвар қори Турсунов.

 

Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов айтиб берган воқеалар ҳам шу кеча-кундузда ҳаётимизда кечаётган, бизни ўйга солиб турган умр лавҳаларидир. Олим улуғ боболаримиз, жумладан, Мирзо Бобурнинг хотирасини абадийлаштириш, унинг меросини ўрганиш, излаб-топиш, асраб-авайлаш ҳақида сўзлайдими ёхуд жафокаш афғон заминида кўрган-кечирганларини, нотинчлик келтириб чиқарган фожиаларни ё Буюк Британияда она Ватанимизга келмасдан, бу ердаги реал ҳолатни билмасдан турли уйдирмаларни тўқиётган ғаразгўйлар билан тортишувларини ҳикоя қилиб берадими — буларнинг барчаси ўқувчини ҳаётга теран назар ташлаш, ўзлигини англаш, миллий ғурурини тоблаш, бугунги тинч-тотув, дориламон кунларни қадрлаш, глобаллашган дунёда доимо огоҳ ва сергак, ҳушёр яшашга ундайди.

 

Тўпламга киритилган ҳикоялар қаҳрамонлари қисмати ҳар биримиз учун ғоят ибратли. Мисол учун, «Бир долларлик ҳикоя» асари қаҳрамони — 60 ёшли ёзувчи Исроил Қаландар. У «Табассум ўлкаси» — Таиландда сафар таассуротларини қоғозга туширар экан, беихтиёр ўз юртини эслайди, болалиги, орзу-мақсадлари йўлида курашиб яшагани кўз олдидан ўтади.

 

— Ўзбек қишлоғида тирикчилик қилиш ҳеч қачон осон бўлмаган, ҳозир ҳам осон эмас, балки бундан кейин осон бўлар, аммо менинг ёшлигим кечган ўтган асрнинг олтмишинчи-етмишинчи йилларини эсласам…, беихтиёр «Мен одам эдим-ку, инсон фарзанди!» деб йиғлагим келади, — ҳикоя қилади у. — Тахминан, етти яшар қишлоқ боласини онаси эрталаб, тўрт-бешларда «Кун чошгоҳ бўлиб кетди, ётаверасанми ғафлат босиб, ана, қўшнининг боласи аллақачон молига қараб бўлди, тур ўрнингдан, ярамас!» деган «ширин» сўзлар билан уйғотади. Бола апил-тапил юз-қўлини ювиб, молхонага югуради: молларнинг тагини тозалайди, охурига пичан солади, қўйга ем беради, сомон ювиб, тоғорада терт қоради. Соат саккиз бўлганида бир бурда нонни бир пиёла қуруқ чой билан ютиб, мактабга равона бўлади… Ҳар куни — қишин-ёзин, неча йиллар давомида яккаш шу ҳолат такрор бўлаверади: оғил тозалаш, молга ем бериш, суғориш, ўтга бориш, пичан ўриш, сомон янчиш…

 

Айни пайтда у мавжуд турмуш қаъридан рўшнолик, ёруғлик сари элтадиган ягона бир йўл борлигини билар, гарчи у пайтда Имом Бухорийнинг номини ҳам, у зот ривоят қилган «Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас», деган ҳадисни эшитмаган бўлса-да, инстинктив тарзда, бутун жону жаҳони билан шу гирдобдан чиқиб кетишга уринар, шароити қанчалар оғир бўлмасин, ўлиб-тирилиб ўқир эди…

 

Асар қаҳрамони — ана шундай қийинчиликларни юксак ирода билан енгиб ўтиб, ҳозирги кунда ўз орзу-мақсадларига эришган инсон. Унинг тақдири бугун ҳам қишлоғу овулларда вояга етаётган минглаб ўғил-қизларга ўрнак бўла олади. Ўз тақдирининг ижодкорига айланиши учун куч ва руҳ беради.

 

«Валижон касал бўлди» номли ҳикояда ҳаётнинг аччиқ синовларига дуч келган инсон тақдири мисолида бугунги кунда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча ҳудудида фаолият бошлаган Халқ қабулхоналарининг инсонлар дарду ташвишларини аритиш, «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган эзгу ғоя рўёбига хизмат қилаётгани очиб берилган.

 

«Мактуб» сарлавҳали ҳикояда бугунги кунда бутун дунёни ларзага солган ва унинг зарбли тўлқини ҳали ҳам не-не қудратли давлатларни қалқитиб турган коронавирус балосининг аянчли оқибатлари ўзининг бадиий ифодасини топган. Асар қаҳрамони — инсонларга яхшилик қилиш, уларнинг саломатлигини тиклашга бутун умрини бағишлаган шифокор Қобил Шоназаровнинг ушбу «кўринмас офат» қурбонига айланиши юрак-бағрингизни ўртайди. Эзгулик ҳеч қачон завол топмаслигини, шу билан бирга, бугунги мураккаб даврда ҳар бир киши ўз соғлиғига бефарқ бўлмаслиги, ҳушёрлик, мардлик ва матонатни ҳаётий шиорга айлантириши лозимлигини чуқур англаймиз.

 

…Буюк жадид бобомиз Чўлпон қайд этганидек, адабиёт чин маъноси ила ўлган, сўнган, қораланган, ўчган, мажруҳ, ярадор кўнгилга руҳ бермак учун фақат вужудимизга эмас, қонларимизга қараб сингишган қора балчиқларни тозалайдирғон, ўткир юрак кирларини ювадурғон тоза маърифат суви, хиралаган ойналаримизни ёруғ ва равшан қиладирғон булоқ суви бўлғонлиғидан бизга ғоят керакдир.

 

Шу маънода, таниқли ёзувчи Хайриддин Султоннинг бутун ижоди, хусусан, «Одамлардан тинглаб ҳикоя» китоби маърифат суви янглиғ қалб ва тафаккуримизни ёруғ ва равшан қилади. Асардан чиқарган хулосаларимиз, олган таассуротларимиз, тарбиямиз бизга бир умр ҳаёт йўлларимизни нурафшон этувчи йўлчи юлдуз, маърифат майоғи бўлиб қолади.

Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here