«Дунё халоскори» сохта экан

0

Тарихда энг қиммат сотилган расм «Дунё халоскори» — сохта экан, бу ҳақда 450 миллион долларлик асар ҳақида олинган ҳужжатли фильмда таъкидланади.

Франция телевидениесида режиссёр Антуан Виткиннинг «Халоскор сотувда» ҳужжатли фильми премьераси бўлиб ўтди. Унда нима учун Леонардо да Винчининг ушбу асари 2019 йили Луврдаги блокбастер-кўргазмада намойиш этилмагани сабаблари очилган.

Фильм муаллифларига кўра, Саудия Арабистони талабларига қарамай, Лувр «Дунё халоскори»ни Да Винчининг асл асарлари кўргазмасига қўймаган. Музей экспертлари ўз илмий текширувларидан сўнг Да Винчи шунчаки муаллифлардан бири бўлган, деган хулосага келишган ва Саудия ворис шаҳзодасига шуни маълум қилишган. Аммо шаҳзода «Дунё халоскори» худди «Мона Лиза» сингари Леонардо да Винчининг юз фоизлик иши сифатида намойиш этилиши кераклигини талаб қилган.

Муҳаммад бин Салмон ушбу асарни сотиб олишга жуда катта пул сарфлаган — $450 млн. У 2019 йили буюк рассом вафотининг 500 йиллиги муносабати билан Луврда ташкил этилаётган кўргазмага ўз ихтиёридаги асарни бериб туриш хоҳишини билдиради. Фильм муаллифларига кўра, музей экспертларининг текширув натижаларидан қониқмаган шаҳзода чув тушгани ошкор бўлмаслиги учун Лувр мутасаддиларини ёлғон ишлатишга уринган.

Дунёдаги энг қиммат расм бир неча йиллар шаҳзоданинг Қизил денгизда сузиб юрган яхтасида қўним топди, кейин эса кўздан йўқолди.
«Дунё халоскори» ҳажман унча катта бўлмаган асар — баландлиги 65 сантиметр. Тарихи қизиқ. Уни санъат асарлари билан савдо қилувчи америкалик топиб олган.

Карл I коллекциясига мансуб асар 18-аср ўрталарида йўқолиб қолганди. Кейин, 20-аср бошларида англиялик саноатчи қўлига бориб тушди. 1958 йили эгаси яна ўзгариб, Янги Орлеан (АҚШ)даги хусусий уй зинаси ёнига осиб қўйилди. Асарни минг доллардан сал зиёдроққа сотиб олиб, таъмирлаб, Леонардо да Винчининг номаълум шоҳ асари сифатида қайта пуллашга уриниб кўришган. Лондон Миллий галереяси экспертлари баҳолашга розилик бермагунича, ҳеч ким ишонмаганди. Беш кишидан фақат биттаси бу асарни шахсан Да Винчининг ўзи чизган, деб хулоса берган.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here