Бир тарафда бола сотса, бир тарафда болғаласа…

0

Яратганнинг улуғ неъмати – дунёга келтирган фарзандини оқ ювиб-оқ тараб вояга етказиш, илм-маърифатли, одобли қилиб тарбиялаш ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир.

Афсуски кейинги йилларда бу масъулиятга енгил қараб, фарзандлари жисмини, кўнглини жароҳатлаётганлар ҳам учрамоқда.

Амударё туманининг чекка овулларидан бирида истиқомат қилувчи Ҳалима (исм ўзгартирилди) ҳам шундайлар сирасига мансуб эканлигини ўз ҳаракатлари билан ошкор этди.

У турмуш ўртоғи “сен билан яшамайман, менга сендай аёл керак эмас”, деб уйидан онасикинига кетиб қолганига жаҳл қилиб, алам устида ўз яшаш хонадонида беш яшар вояга етмаган қизининг бош қисмига бир неча марта болға билан урган. Сўнг қўлига пичоқ олиб бош ва ўнг бармоқ қисмларига бир неча марта қасддан уриб, қизалоққа оғир шикаст етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан тайинланган суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, қизалоқда бошнинг жароҳати, бош мия ёпиқ жароҳати, мия силжиши, бош суяги ўйилган жароҳати, бўйин орқа томон суяклари синиши, пешона жароҳати, ўнг қўл 3-4 бармоқлар синиши, ўнг қўл 4-бармоқнинг тирноғи тушиши, бўйиннинг орқа томони шилинган жароҳатлари аниқланган.

Туман Тиббиёт бирлашмаси шифокорларининг кўрсатган тиббий ёрдамлари туфайли қизалоқ омон қолди. Бироқ онаси етказган бу азобларни унута олармикан? Унга яна она дея олармикан?

Яқинда Жиноят ишлари бўйича туман судида ана шу жиноятни содир этган бераҳм аёлнинг иши муҳокама этилди. Эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақланаётган аёлга қилмишига яраша жазо тайинланди.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here