Эр кишининг иши

0

Боболаримиз: «Яхшиликка яхшилик ҳар кишининг ишидир, ёмонликка яхшилик эр кишининг ишидир», деб жуда тўғри айтганлар.

Қадим замонда бир вилоятнинг бошлиғи олим, фозил бир одамни туҳмат орқасидан қамоққа олди. Бир йилгача ўз ҳузурига келтириб юз марта калтаклаб азобларди. Бир йилдан кейин аҳвол тамом ўзгарди. Ҳалиги золим бошлиқнинг ўрнига шу олим, фозил одам вилоят бошлиғи бўлди.

Ҳамма одамлар:

— Олдинги бошлиғимиз бу олим бошлиғимизга кўп жабр, зулм қилганди, бу ҳам энди интиқом олса керак,— деб ўйладилар, лекин иш одамлар ўйлаганларича бўлмади. Янги бошлиқ эски бошлиқни ўз ҳузурига келтириб, унга кўп илтифотлар кўрсатди, сарполар кийгизди. Хазиначисини чақириб олиб, ҳар кун юз марта урган калтагининг ҳар бирига бир тангадан юз танга беришга ва буни ҳар куни давом эттиришга буюрди.

Орадан бир неча вақт ўтгандан кейин олдинги бошлиқ жуда ҳам хижолат чекиб, ўлимига рози бўлди, олим бошлиқнинг ҳузурига келиб:

— Мени қатл этинг, ёки ҳар куни бераётган инъомингизни тўхтатинг, буни сиздан илтимос қиламан,— деди.

Янги бошлиқ бир йил мобайнида баданига урилган калтак зарбидан тўкилган бадан пўстларини йиғиб қўйган эди, аввалги бошлиқнинг илтимосини эшитгач, ўша пўстларини келтириб тарозуга тортишга буюрди. Пўстлар анчагина оғирликда эди. Аввалги бошлиққа шу пўстлар оғирлиги миқдорда олтин беришга буюриб:

— Ёмонлик қилганга ёмонлик қилиш осон, лекин мен яхшилик қилиш истайман. Бу олтинларни олсин ва ўзининг кимлигини билсин!— деди.

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here