Уруш тугади! Исроил ва ҲАМАС сулҳ тузишга келишиб олди

0

Исроил ҳукумати пайшанба кунги йиғилишда Ғазо секторидаги ҲАМАС гуруҳи билан сулҳ тузиш бўйича қарор қабул қилди, деб хабар берди kun.uz.

The Jerusalem Post маълумотига кўра, Исроил хавфсизлик масалалари бўйича комиссия вакиллари Ғазо сектори бўйлаб зарбаларни тўхтатиш учун бир овоздан қарор қабул қилган.

«Исроил хавфсизлик кабинети хавфсизлик хизматининг барча вакилларининг тавсиясини бир овоздан қўллаб-қувватлади […] Мисрнинг ўт очишни тўхтатиш бўйича ташаббуси қабул қилинди», – дейилган ҳукумат баёнотида. Исроил кабинети сўнгги кунларда олиб борилган кампания давомида Исроил «улкан ва бемисл ютуқлар»га эришгани қайд этилган.

Журналистлар маълумотига кўра, жума кунига ўтар кечаси соат 2:00да (Тошкент вақти билан соат 3:00) ўт очишни тўхтатиш режими кучга киради. ҲАМАС вакили ҳам Reuters мухбирига, ўт очишни тўхтатиш режими 21 май куни соат 2:00да бошланишини маълум қилган. Аммо Исроил баёнотида сулҳ «кейинроқ» бошланиши айтилган.

Ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга Миср воситачилигида эришилди. The Jerusalem Post нашрининг Миср хавфсизлик хизматларидаги манбаси хабар қилишича, сулҳнинг барча деталлари ҳали тайёр қилинмаган.

Ўт очиш тўхтатилиши ҳақида эълон қилиниши ортидан Исроил жанубида тревога сиреналари янгради, бу Ғазо секторидан яна ракеталар учирилганини англатарди. Фаластиндаги нашрлар ҳам секторга берилган янги авиазарбалар ҳақида хабар қилди.

Исроилдаги вазият 11 кун муқаддам кескинлаша бошлаганди. Фаластин томони маълумотларига кўра, айни вақтгача секторда тинч аҳоли вакилларидан камида 232 киши ҳалок бўлган, шундан 100 нафарга яқини аёллар ва болалар. Исроилнинг тасдиқлашича, ҳалок бўлганларнинг камида 150 нафари ҲАМАС ва «Ислом жиҳоди» гуруҳи вакиллари эди.

Исроилда ракета зарбалари туфайли қурбон бўлганлар сони 12 нафарни ташкил этган, шундан икки нафари болалар. Одамлар соатлаб панагоҳларда ўтиришга мажбур бўлишди, уларнинг айримларининг қайтишга жойи йўқ эди – ракеталар уйларни вайрон қилди. Бундай ҳолатлар Петах-Тиква, Ашдод ва Ашкелон шаҳарларида кузатилди.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here