Саудия Арабистонида ёлғиз аёлларга эркак васийлар қарамоғисиз яшашга рухсат берилди

0

Саудия Арабистони ҳукумати турмуш қурмаган, ажрашган ёки бева аёлларга эркак васийларнинг розилигисиз ҳам ёлғиз яшаши учун рухсат беришга қарор қилди, деб ёзади МЕМО нашри.

Хабарда айтилишича, ултра-консерватив қироллик суд тизими шариат судлари процессуал қонунининг 169-моддаси бандини бекор қилди. Ушбу ўзгартириш ёлғиз аёлларга эркак васийларсиз — эри, отаси ёки ака-укаларисиз алоҳида яшашга имкон беради.

«Вояга етган аёл яшаш жойини ўзи танлаш ҳуқуқига эга. Аёлнинг ҳомийси, агар унда аёлнинг жиноят содир этгани тўғрисида далил бўлсагина, бу ҳақида хабар бериши мумкин», — дейилади ҳужжатда.

Бундан ташқари, қамоқда бўлган аёлнинг жазо муддати тугаганда у ўз васийига топширилмайди. Адвокат Наиф ал-Мансийнинг сўзларига кўра, оилалар эндиликда ёлғиз яшашни танлаган қизларига қарши даъво қўзғата олмайди.

Сўнгги йилларда Саудия Арабистони ҳукумати аёллар ҳуқуқлари билан боғлиқ қонунчиликка ўзгартиришлар киритмоқда.

Ушбу ҳуқуқий ўзгаришлар Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмоннинг иқтисодиётни диверсификация қилиш ва қиролликни «исломнинг мўътадил шакли» томон йўналтиришга қаратилган «Истиқболлар 2030» лойиҳасининг бир қисмидир.

Аввалроқ Саудия Арабистонидаги аёлларга фарзанд кўриш усулини танлаш ва мустақил равишда паспорт олиш ҳуқуқи берилганди. Шунингдек, мамлакатда аёлларнинг ҳарбий хизмат ўташига рухсат этилган. Эндиликда аёллар, шунингдек, қироллик тарихида биринчи марта лицензияга эга туристик гидларга айланиши мумкин.

Февраль ойида эса Саудия Арабистонида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаол Лужайн ал-Ҳатлул  қамоқдан озод қилинган. Шундан сўнг ал-Ҳатлул уни қамоқхонада қийноққа солганларни, хусусан, валиаҳд шаҳзода Сауд ал-Қаҳтонийнинг собиқ маслаҳатчисини судга бермоқчилигини айтган.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here