Ашраф Ғани истеъфога чиқмагунга қадар Афғонистонда тинчлик бўлмайди — “Толибон”

0

“Толибон” ҳокимиятни монополиялаштириш ниятида эмас. Аммо музокаралар асосида Қобулда янги ҳукумат тузилмагунча ва Президент Ашраф Ғани истеъфога чиқмагунга қадар Афғонистонда тинчлик бўлмайди. Бу ҳақда бугун, 23 июль куни ҳаракат матбуот котиби Сухайл Шоҳин маълум қилди.

“Мен шуни аниқ айтмоқчиманки, биз ҳокимиятни монополиялаштиришга ишонмаймиз, чунки илгари Афғонистонда ҳокимиятни монополлаштиришга уриниб кўрган ҳар қандай ҳукуматлар муваффақиятсизликка юз тутган. Шундай қилиб, биз ушбу формулани ишга туширишни хоҳламаймиз”, дейди Шоҳин.

Шунингдек, ҳаракат матбуот котиби яқинда Қатарда бўлиб ўтган “Толибон” ва Афғонистон ҳукумати ўртасидаги музокараларни юқори баҳолаган. Шу билан бирга, Шоҳин “Толибон” номидан Қобулнинг ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги такрорий чақирувларига рад жавобини берган ҳамда Президент Ғани ҳокимиятдалигида бу иложсизлигини таъкидлаган.

Қайд этиш керакки, Сухайл Шоҳин нафақат “Толибон” матбуот котиби, балки ҳаракатнинг музокаралар гуруҳи аъзоси ҳамдир. У Афғонистон Президентини “уруш ўтини ёқувчи”, деб атаган ва Афғонистондаги сўнгги президентлик сайловларида фирибгарлик бўлганини таъкидлаган.

Маълумот учун, Афғонистондаги 2019 йилги президентлик сайловларида амалдаги Президент Ашраф Ғани 50,64 фоиз овоз тўплаб ғалаба қозонган. Ўз навбатида, Ғанининг энг яқин таъқибчиси ҳисобланган Абдулла Абдулла сайлов жараёнларида Ашраф Ғанининг фойдасига кўплаб қалбакилаштиришлар бўлганини таъкидлаган.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here