Босмачилар аслида кимлар?

0

Босмачилик — Туркистонда совет ҳокимияти ва босқинчи қизил армияга қарши олиб борилган қуролли ҳаракатга шўро ҳукумати даврида берилган расмий ном. “Босмачи” сўзи аслида туркий “босмоқ” (ҳужум қилмоқ) феълидан ясалган. Халқ ўртасида “босмачи” деб ҳарбий бирликка алоқаси бўлмаган жиноятчи унсурлар, ўғри ва безорилар тушунилган. Шунингдек, бировларнинг юртини босиб олган босқинчиларни ҳам “босмачилар” дейиш мантиқан тўғри келади.

1918 йилнинг бошидан 1919 йил ўрталаригача бўлган архив ҳужжатларида “босмачи” сўзи учрамасдан, унинг ўрнига “қароқчи”, “босқинчи”  иборалари қўлланилган. 1919 йилнинг ўрталаридан бошлаб аввал вақтли матбуотда, сўнгра расмий ҳужжатларда “босмачи” ва “босмачилик” иборалари кенг ишлатилган. Бу иборалар миллий озодлик ҳаракатининг моҳиятини сохталаштириш, аждодларимизнинг совет режими ва  большевиклар ҳукмронлиги ҳамда қизил армиянинг босқинчилик сиёсатига қарши олиб борган қуролли курашларини ниқоблаш учун буюк давлат шовинистлари томонидан ўйлаб топилган ҳамда “бандитлик”, “қароқчилик” деган сўзлар билан асоссиз равишда бир қаторга қўйилган.

Шўролар даврида советларга қарши қўзғолончилик ҳаракати расмий ҳужжатларда босқинчилар тўдаси сифатида тавсифланган ва “босмачилик” деган тамға олган. Ўрта Осиё давлатларида эса бу миллий озодлик ҳаракати деган ном олган. Фарғона водийсидаги қаршилик кўрсатиш етакчиси Мадаминбек ҳали ёш бўлишига қарамай ҳарбий саркардалик истеъдодини намойиш этиб, ўз олдига “совет ҳокимиятини ағдариш” ва Фарғона мухториятини тиклаш вазифасини қўйган. 1919 йил ўрталарига келиб йигитларининг сони 25 минг кишидан ошган. Улар Помирнинг Эргаштом овулида муваққат ҳукумат тузишади ва Мадаминбек ҳукумат бошлиғи этиб сайланади. Тўртта йирик қўрбоши—Мадаминбек, Катта Эргаш, Шермуҳаммадбек ва Холхўжа эшонлар бирлашиб ислом қўшинларини ташкил этишади, Мадаминбек “Амир ал-муслимин” деб тан олинади.

Фарғона водийсидаги исёнчилик ҳаракати 1916 йилдаги мустамлакачиларга қарши қўзғолон вақтида вужудга келган. Дастлаб ҳар хил ва маҳаллий кўринишда бўлган ҳаракат аста-секин сиёсий жиҳатдан шакллана борди ва 1919 йили Мадаминбек бошчилигида нисбий бирдамликка эришди, аммо у большевиклар билан битим тузиб, сирли ўлим топгач, яна таназзулга юз тута бошлаган. Совет кучлари 1920 йилдан бошлаб уларга сезиларли зарбалар бера бошлайди, кўплаб озодлик курашчилари жангларда ҳалок бўлади. Шундан сўнг Мадаминбек улар билан сулҳ тузиб 1200 нафар йигити билан қуролларини топширади.

1920–1923 йилларда кўп ҳарбий қурбонлар бериб, барҳам топган. Фарғонанинг катта таъсир кучига эга сўнгги қўрбошиси Кўр Шермат (Шермуҳаммад) Шарқий Бухорога, сўнгра Афғонистонга ўтиб кетган, унинг ўша ёқдан кўп йиллар – ХХ асрнинг 40-йилларига қадар Ўрта Осиёдаги қаршилик ҳаракатининг махфий тармоғини бордай қилиб кўрсатишга уринишлари бесамар кетган. Асосан Фарғона, Бухоро ва Хивада кечган қаршилик кўрсатиш ҳаракати моддий-таъминот базаси ва қурол-яроғ етишмаганлиги, шунингдек, қўрбошиларнинг ягона ғоя остида бирлаша олмаганликлари ва ниҳоят, оддий аҳолининг дастлаб улар ҳақида шаклланган салбий муносабати туфайли муваффақиятсиз тугаган.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here