Британияда кўршапалакларда коронавируснинг янги тури аниқланди

0

Британияда кўршапалакларда коронавируснинг янги тури аниқланди. Маълум қилинишича, вирус Шарқий Англия университети ва Англия жамоат саломатлиги вакиллари томонидан ўтказилган тадқиқотда топилган. Тадқиқотчилар Сомерсет, Глостершир ва Уэльсдаги 50 дан ортиқ кўршапалакларни текширган. Улардан олинган таҳлил натижаларидан бирида RHGB01 номини олган янги коронавирус аниқланган.

Олимлар бу SARS билан боғлиқ коронавирус эканини маълум қилган. У биринчи марта Буюк Британияда топилган. Бироқ, мутахассисларнинг фикрича, кўршапалаклар популяциясида бу вирус узоқ вақт давомида мавжуд бўлган ва уларда тестлар ўтказилмагани учун топилмаган. Янги вирус одамлар учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди, аммо келажакда у мутацияга учраб, одамлар учун юқумли бўлиб қолиши мумкин.

Агар ковид билан касалланган одам вирусни кўршапалакка юқтирса, мутация юзага келиши айтилган. Мутахассислар ғорларга келадиган шахсларни шахсий ҳимоя воситаларини кийишга чақирган. «Коронавирусга эга бўлган ҳар қандай кўршапалак вируснинг мутацияга учрашига сабаб бўлиши мумкин. Агар RHGB01 билан касалланган кўршапалаклар SARS-CoV-2 билан касалланса, бу вирусларнинг гибридланишига ва одамларнинг янги RBD SARS-CoV-2 вирусини юқтиришига олиб келиши мумкин», — дея огоҳлантирган мутахассислар.

Олимлар аввалроқ Хитой, Жануби-Шарқий Осиё ва Шарқий Европададаги кўршапалакларда коронавирус борлигини аниқлаган. Янги тадқиқот вирус ташувчи кўршапалаклар географиясини кенгайтириши айтилган.

Аввалроқ коронавируснинг келиб чиқишига оид яна бир тахмин илгари сурилганди. Шунингдек, АҚШдаги ҳайвонот боғида маймунлар коронавирусга чалинганди.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here