«Ўзим қурган давлатда сиз билан қафасда туриб гаплашаётганимдан дунё ҳайратда»

0

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили 1 октябр куни қамоққа олинганидан сўнг илк марта омма олдида – Тбилиси шаҳар судида кўриниш берди, деб ёзмоқда “Kun.uz”. Сиёсатчини Горидаги ҳарбий госпиталдан олиб келишган. Собиқ президент ушбу касалхонада 50 кун давом этган очликдан кейин тикланиш жараёнида бўлиб турибди.

Президент – жиноятчи эмас

«Мен – Михаил Саакашвили. Грузияда жиноятчи-президент бўлмаган. Буни ҳамма грузинлар билишини хоҳлайман. Грузия давлати асосчиси жиноятчи бўла олмайди, чунки жиноятчилар давлатга асос солмайди, уни вайрон қилади», деди суд залида нутқ сўзлаган Саакашвили.

Сиёсатчи судда шиша қафас ичида турди. У илк марта ўзи суд қилинган жараёнда қатнашди. Грузия ОАВ ҳам бу судни тарихий деб атади. Ахир мамлакат тарихида илк марта суд курсисида мамлакатнинг собиқ президенти ўтирганди. Тбилиси шаҳар судида 14 йил аввал содир бўлган ҳолат кўрилмоқда. Ўшанда ҳукумат кучлари тинч намойишни куч билан бостиргани, шунингдек, «Имеди» хусусий телеканали биносига бостириб киришгани иддао қилинади. Саакашвили «Имеди» телеканали эгаси марҳум тадбиркор Бадри Патаркацишвилининг мулкини ноқонуний мусодара қилганликда айбланмоқда. Тадбиркорнинг оиласи ўзига тегишли телеканални 2012 йилдагина қайтиб олганди (Саакашвили президентликдан кетганидан кейин).

Прокуратура Саакашвилини мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбламоқда. Айблов исботланса, у 5 йилдан 7 йилгача қамалиши мумкин. Бу собиқ президентга қўйилган бир неча айбловдан бири, холос. У аллақачон бюджет пулларини ўзлаштириш, юқори мансабли полиция ходимларини муддатидан аввал бўшатиб юбориш ва Грузия бирлашган банки ходими Александр Гиргвиланига уюштирилган суиқасдда айбдор деб топилиб, бу учун унга сиртдан 6 йил қамоқ жазоси эълон қилинган.

Янги айблов Саакашвили Грузия чегарасини ноқонуний кесиб ўтиши бўлди. 1 октябр куни қўлга олинган собиқ президент аввалига самолётга келишини анонс қилган, лекин кейинчалик Украинадан сув йўли орқали Грузияга кириб келгани маълум бўлганди. Ўзига қўйилган энг охирги айбловни Саакашвили ўзини ерга уриш ва «Россияга хос классик комбинация» деб атади.

«Сиз билан бирга мамлакатни ривожлантириш ҳақида ўйлаш ўрнига ўзим бунёд қилган мамлакатда сизга мана бу ойна қафасдан туриб мурожаат қилаётганимдан бутун дунё ҳайратда қолаётгандир», деди Саакашвили.

2007 йил 7 ноябрда «Имеди» телекомпаниясига спецназ бостириб кириб, аппаратурага зиён етказилган ва ходимлар бинони тарк этишга мажбурланган.

Собиқ президент ўзининг вақтида қилинган яхши ўзгаришларни санаш билан бирга йўл қўйилган камчиликларни ҳам тан олди. «Албатта, керагидан кўп хато қилганмиз, улардан жуда афсусдаман. Энг катта хатом суд [сўкинади]. Мустақил суд тизимини туза олмаганимиз кўпчиликни қийнади ва мана, навбат менга ҳам келди. Мустақил бўла олмаган судлар азоб берган ҳаммадан кечирим сўрайман. Бу хато, аммо жиноят эмас», деди судларга киноя қилиб Саакашвили.

Судга йўл

2021 йил 1 октябр куни қўлга олинган Михаил Саакашвили Рустави шаҳридаги қамоқхонага юборилади. Кейин эса Тбилисидаги қамоқхона касалхонасига олишади. Собиқ президентнинг адвокатлари бу муассаса унинг ҳаёти учун хавфли эканини айтишлари фойда қилмайди. Сиёсатчининг сўзларига кўра, уни шаҳар касалхонасига олиб борамиз деб алдаб, қамоқхона касалхонасига олиб боришади. Унинг танасига номаълум дори воситаси юбормоқчи ҳам бўлишади, аммо Саакашвили бунга йўл қўймайди. Сиёсатчининг адвокати у қамоқхона касалхонасидаги босим сабаб руҳий террор ҳолатида бўлганини айтади.

Михаил Саакашвили қўлга олинганига норозилик сифатида 50 кун очлик эълон қилди. 48-кун ҳушини йўқотган сиёсатчини кўп тармоқли клиникага олиб боришади. У ерда инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман ва мустақил шифокорлар гуруҳи томонидан текширувдан ўтказилган Саакашвили Горидаги ҳарбий госпиталга ўтказилади. Ўша ерда сиёсатчи очликни тўхтатди.

Саакашвилини Тбилисидаги судга олиб келиш-келмасликлари сўроқ остида қолаётганди. Олдинги суд мажлисида жазони ижро этиш хизмати суд мажлиси сиёсатчининг саломатлиги учун хавфли экани иддаоси билан уни олиб келишдан бош тортганди. Адвокатлари эса Саакашвили судда иштирок этишини хоҳлаётганини таъкидлаб келишди. Ҳукумат вакиллари Саакашвили «кўп гапларни айтиб юбориши»дан ҳадиксираб уни судда қатнашишига йўл қўймагани ҳам тахмин қилинди.

Саакашвили судда қатнашиши жараён бошланишидан бир неча соат олдин маълум бўлди. Горидаги ҳарбий госпитал биносига жазони ижро этиш хизматининг махсус машинаси ва полиция махсус отряди кириб кетгач, гап нимада экани маълум бўлди. Тбилиси шаҳар суди олдида полиция кўпайгач, Саакашвилининг тарафдорлари – мухолифатдаги «Ягона миллий ҳаракат» партияси вакиллари ҳам тўпланишди.

Одамлар тўплана бошлагач, полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар бошланиб кетди. Полиция жараённи суратга олаётган оператор йигитни судраб олиб кетгач, одамлар ҳам уларга ташланиб кетди. Кейин намойишчилар йўлни тўсмоқчи бўлишди. Ички ишлар вазирлиги 15 киши йўл ҳаракатини тўхтатмоқчи бўлгани учун қўлга олинганини хабар қилди. Шунингдек, норозилик намойиши ўтказиш тартибини бузганларга қарши махсус воситалар қўллангани хабар қилинди, аммо қандай воситалар экани айтилмади. ОАВга кўра, бу махсус восита кўзни ачитувчи қалампир спрейи бўлган.

«Россиянинг режасини бузгандим»

Суд биносига намойишчилар ва журналистлар кира олишмади. «Истисно тариқасида» Грузия давлат нашри бўлмиш «Биринчи канал»га суд залига кириш ва жараённи жонли эфирда олиб беришга рухсат этилган. Намойишчилар Саакашвилининг бир соатдан узоқроқ давом этган чиқишини динамик орқали эшитишди.

Аввалига Саакашвилининг чиқишини у ишга алоқаси бўлмаган гапларни айтяпти, деб прокурор тўхтатмоқчи бўлди, аммо адвокатлар аралашганидан кейин суд сиёсатчи охиригача гапиришига имкон берди.

Собиқ президент ҳукумат вакилларига 2019 йил 20 июндаги намойиш бостирилгани ҳамда шу йил 5 июлда Тбилиси марказида кузатилган зўравонликни эслатди. Саакашвили 2007 йилги намойишларни Россиянинг режаси деб атади. Аммо ўшанда ислоҳотлар кескинлиги ва инфляция даражаси ошгани сабаб ҳукуматдан норози одамлар ҳам бўлганини тан олди.

У ўшанда АҚШ Федерал қидирув бюросидан Ереванда тўпланган бир гуруҳ ўғрилар Тбилиси марказида тартибсизлик уюштиришга ҳозирланаётгани ҳақида огоҳлантириш хати олганини ошкор қилди. У 2007 йил 7 ноябрда бўлган воқеаларни телевизордан томоша қилгани ва ҳеч қандай кўрсатма бермаганини айтди.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ўз вазифасини бажарган. Ўшанда полициямиз жуда ёш ва тажрибасиз эди. Бунақаси кўп давлатларда бўлади, аммо бу учун кимнингдир устидан иш очилганини эшитмаганман», деди Саакашвили.

Сиёсатчи ўша воқеалардан кейин истеъфога чиққани, аммо кейинчалик сайловда қийинчилик билан бўлса ҳам яна ғалаба қозониб, иккинчи мандатни муносиб тарзда қўлга киритганини таъкидлади. «Россиянинг режасини бузиш, ўша митинглар сабаб НАТО билан интеграциялашувимиз тўхтаб қолишининг олдини олиш учун истеъфога чиққандим», деди Саакашвили.

Сиёсатчи ўз нутқини залдагилар олқишлари остида якунлади. У Грузия мустақил, мағрур ва муваффақиятли бўлишига ишонч билдирар экан, мамлакат ҳозирги тузумдан тезроқ қутулиши кераклигини айтди. Нутқини сўзлаб бўлгач, Саакашвилини олиб кетишди, чунки унинг саломатлиги жараёнда тўлиқ қатнашишга имкон бермайди.

Шу ҳафта Саакашвили устидан қўзғатилган яна бир иш – бюджет маблағларини ўзлаштириш бўйича суд мажлиси бўлиб ўтади. Адвокатларнинг айтишича, бу жараёнда қатнашиш сиёсатчи учун айниқса принципиал ҳисобланади.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here