Қозоғистондаги намойишлар «иш берди»: суюлтирилган газ нархи тушди

0

Жорий йилнинг 2 январида Қозоғистоннинг Мангистау вилоятида бошланган газ нархининг кўтарилишига қарши намойиш икки кун ўтиб, деярли бутун мамлакатга ёйилди.

Ган шундаки, аҳоли суюлтирилган газнинг нархини икки баравар (бир литри учун 120 (0,28 доллар) тенгедан 60 (0,14 доллар)гача) камайтиришни сўраб чиққан эди.

Ҳокимият вакиллари дастлаб газ нархи давлат томонидан тартибга солинмаслигини, 1 январдан бошлаб унинг нархи (бензин ва дизель каби) бозор ва рақобат муҳитида шакллантирилаётганини маълум қилиб келаётган эди.

Намойиш иштирокчилари сафи кенгайиб бориши ортидан мамлакат президенти Қосим-Жомарт Токаев бир неча бор халққа мурожаат билан чиқди.

«Намойишчиларни жамиятимиз барқарорлиги ва ҳамжиҳатлигига путур етказишдан манфаатдор бузғунчи шахсларнинг даъватларига эргашмасликка чақираман», – деб ёзиб қолдирган у твитларининг бирида.

Шунингдек, Токаев эртага пойтахтда бўлиб ўтадиган йиғилишда ижтимоий-иқтисодий характердаги бошқа талаблар ҳам алоҳида кўриб чиқилишига ваъда берган.

Бугунги куннинг сўнгига келиб, маҳаллий ҳокимликлар мамлакатда суюлтирилган газ нархи 50 тенгегача туширилганини эълон қилди. Бу намойишчиларнинг асосий талаби эди.

Шу билан бирга намойишчилар митинг пайтида қўлга олинганларни қўйиб юбориш талабини ҳам қўйишмоқда. Маҳаллий ҳукумат бу масалани ҳам ижобий ҳал қилишни ваъда берган.

Сўнгги хабарларга кўра, мамлакатда интернет, жумладан, ВҳатсАпп, Инстаграм ва Телеграм блокланди. Шунингдек, намойишчиларни ҳибсга олиш ҳам тўхтамаган.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here