Ким Кардашянни судга беришди

0

Америкалик бир гуруҳ сармоядорлар актриса Ким Кардашян, боксчи Флойд Мейвезер кичик ва баскетболчи Пол Пирсни судга беришди. Улар кўпчиликка яхши таниш бўлмаган «ЭтҳереумМах» деб аталувчи криптовалютани тарғиб қилиш билан боғлиқ фирибгарликда айбланмоқда.

Даъво хати Лос-Анжелес федерал судига тақдим этилган. Унда «ЭтҳереумМах» компанияси ва унинг таниқли промоутерларини токеннинг нархини сунъий равишда, “ёлғон ва фикрни чалғитувчи баёнотлар” билан оширишда айблашмоқда.

Ким Кардашян криптовалютани ўтган йили ўзининг Истаграмъдаги саҳифасида реклама қилган. Бунинг учун таниқли юлдуз компаниядан қанча пул олгани маълум эмас, аммо экспертлар унинг саҳифасидаги битта реклама пости нархи 500 минг доллардан 1 миллион долларгача эканлигини айтишади.

Рекламага таниқли юлдузларнинг жалб этилиши кўплаб сармоядорларни янги криптовалютага пул тикишга ундаган ва улар охир-оқибатда катта даромад йўқотишган. Даъвогарлар токенларни ўтган йилнинг май ва июнь ойларида сотиб олишган, орадан кўп ўтмай валютанинг қиймати кескин тушиб кетган.

Ўша вақтдан бери «ЭтҳереумМах» ўз қийматининг 97 фоизини йўқотган. Эндиликда сармоядорлар компаниядан зарарни қоплаб беришни талаб қилишмоқда.

Даъво хатида криптовалютанинг номи «Этҳереум» – дунёдаги энг машҳур криптовалюталардан бирининг номига ўхшаш экани, бу ҳам одамларни чалғитиши таъкидланган.

Ким Кардашяннинг ўзи айбловларга ҳеч қандай муносабат билдирмаган. Аммо, унинг кўрсатма бериш учун судга чақирилгани аниқланган.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here