Зангиота-2 шифохонаси директори: «Шифохонамизга оддий шамоллаш билан келиб, “омикрон” юқтириб кетасиз»

0

Тошкент вилоятидаги Зангиота-2 ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Миразимов Тошкент шаҳри ва вилояти аҳолисига мурожаат қилиб, эҳтиёж бўлмаган ҳолларда юқумли касалликларни даволаш муассасаларига бормасликка чақирди. Бу ҳақда Repost хабар қилди.

Қайд этилишича, шифохона директори ўз хабарида Зангиота-1 ва Зангиота-2 муассасаларига мурожаатлар кескин кўпайгани ҳақида гапириб ўтган. Қўнғироқларнинг аксарияти коронавирусга экспресс-тест ўтказиш билан боғлиқ бўлиб, ҳар куни, тахминан, 150-170 нафар инсонда касаллик аниқланади.

«Шифохонамизга ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция) билан оғриб келишингиз оқибатида омикрон штаммини юқтириб олишингиз мумкин. Баъзи одамлар эса шериклари билан келиб олади, улар нафақат ўзини, балки яқинларини ҳам хавф остига қўяди. Ҳаммадан илтимос қиламан, тушуниб олинг: Зангиота-1 ва Зангиота-2 касалхоналари COVID-19 асорати билан оғриган беморларни даволаш учун ташкил этилган. Юқумли касалликларни даволаш муассасаларига алоҳида эҳтиёж бўлмаган тақдирда ташриф буюриш бефойда», — дея ёзган у.

Дониёр Миразимов, шунингдек, эндиликда Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида ташкил этилган COVID клиникаларда коронавирус тестини топшириш мумкин эканини айтган. Бундан ташқари, ҳудудлардаги СЭС бўлинмаларида ҳам экспресс-тест синовлари ўтказилади.

«Касалликнинг илк белгилари пайдо бўлганда барча фуқароларни махсус поликлиникалар ва СЭСнинг туман бўлимларига мурожаат қилишга, шу йўл билан бизга ўз ресурсларимизни оғирроқ аҳволдаги беморларни даволаш учун сарфлаш имконини беришга чақираман», — дея сўзларини якунлаган шифохона директори.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here

eight + fifteen =